Общество Прав Человека Узбекистана

Официальный сайт

В условиях отсутствия справедливости и правосудия

государство превращается в шайку разбойников

Августин Аврелий

Гостевая книга Форум Чат Сообщество правозащитников Почта Опросы общественного мнения  Узбекчa  Русский English France

 Толиб Ёқубов
Нашр қилинди: 27 январ, 2007 йил

Толиб Ёқубов 

Ўзбекистон даллоллари “ишга” тушишибди… 

Шарқ матали

Содда бир одамнинг қари, ориқ, туғмай ва сут бермай қўйган, юрса гандираклайдиган бир сигири бор экан. “Бозор кўтарганга сотиб келақолай”, - деб уни бозорга етаклабди. Бозорда одатдагидек даллолга учрашиб, ундан сигирини сотиб беришини илтимос қилибди.

Даллол сигирнинг арқонидан ушлаб, бозорни бошига кўтариб, уни мақтаб, овозининг борича бақира кетибди: “Кеб қолинг, сигирнинг сараси бозорга тушди! Ҳали бундай сигирни ҳеч ким кўрган эмас!! Бир беришда бир катта пақир сут беради, бир туғишда иккитадан бузоқча туғади!! Унинг хўралигини айтмайсизми – бутун мамлакатнинг ўтини еб қўяй дейди!! Кеб қолинг!!!”

Даллол шу аснода бир соат бақирибди, икки соат бакирибди… Сигир атрофида одамлар тўплана бошлабди. Аста-секин шивир-кичир муҳокама ҳам бошланибди, баъзилар унинг нархини сўрай бошлашибди. Тобора одам кўпайибди. Одам кўпайган сайин, сигирнинг эгаси ҳам аста-секин даллолнинг мақтовига ишона бошлабди. Қараса, бир-икки одам ён кавлаб, пул санай бошлабди. Шунда у даллолнинг қўлидан арқонни тортиб олиб: “Бундай сигир ўзимга ҳам керак!” - деб сигирни уйига қараб етаклабди.

Эшитишимизча, Ўзбекистонда 2007 йилнинг декабрида ўтказилиши мўлжалланган президент сайловига тайёргарлик бошланибди. У ер - бу ерда давлат одамлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар ҳозирги президент Ислом Каримовни тилга олиб, уни мақтай бошлашибди. Ўзбекистон давлат телевидениеси тарқатган ахборотга қараганда, мамлакатнинг ҳар бир вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалласида “Президент сайлови” деб аталувчи бозорлар очилаяпти экан.

Яна бир гап эшитдикки, ҳозирнинг ўзида одамлар бош қашиб: “Бу бозорда сотиладиган, кечирасиз, сайланадиган мол, ҳаҳ, яна бир бор узр, сайланадиган одам унча-мунча одам эмас, уни харидорга, тьфу, яна адашдим-а, кечирасиз, уни сайловчи дидига мослаб кўрсата оладиган даллоллар ҳам анча-мунча тажрибали бўлиши керак. Шунча бозорга даллолни қаёқдан олишар экан”, - деган ўй-хаёлга тушиб қолишган эмиш.

Ҳурматли ва қадрли ватандошлар! Бу – бош қотиришга арзийдиган савол эмас. Ўзбекистонда даллол итқовуннинг уруғидай бисёр: бу бозорларга ҳоким ва ҳокимчалар, кўзга кўринмас партия ва партиячаларнинг раҳбарлари ва “фаоллари”, оммавий ахборот воситаларининг мухбир ва мухбирчалари, фуқаролар йиғинлари вакиллари, яъни маҳаллалар йиғинлари оқсоқоллари ва бесоқоллари - эҳ-ҳе, уларнинг барисини айтиб тугатиб бўлармиди?! - даллолликка сафарбар қилинадилар ва улар бу “ишни” шу қадар бўйинча қилиб кийиб кетишадики, “Шўробозор”даги машҳур молдаллол Тошмат ака уларнинг олдида ип эша олмай қоладилар.

Иши тушган одамларнинг айтишича, Тошмат ака мол сотаётган пайтда ўз сўзи билан харидорни мойил қилар эканлар, у сотаётган мол атрофига харидорнинг ўзи, ўз ихтиёри билан келар экан. “Президент сайлови” бозори даллолларининг содиқ ёрдамчилари ҳамма вақт қўл қовуштириб, ёрдамга тайёр бўлиб туришади: бошлиқ ва оддий милиционерлар, ҳокимият ва турли бошқа идораларнинг катта-кичик раҳбарлари одамларни ҳайдаб кел…, э-э-э, узр, таклиф қилиб, даллоллар оғиз кўпиртириб ваъзхонлик қиладиган клублар, мажлис заллари, кенг майдон ва стадионларни, яъни бозорларни тўлдирадилар. Ҳукуматга югурдаклик қилавериб бети ва кети бир хил бўлиб қолган баъзи имомлар, ҳожилар, уламо ва фузалолар ҳам улардан қолишмай, мўмин-мусулмонларни, мактаб ўқувчилари ва университет студентларини “Президент сайлови” бозорига чорлайдилар.

Тошмат-даллол “Шўробозор”га бир йилда кўпи билан 52 марта чиқадилар ва ҳар бозор куни 2-3 соат ҳунарларини ишга соладилар. Тирикчилик-да! Битта сотилган молдан Тошмат-даллолга харидор 2000, сотувчи 2000 сўм беришади. Қўли омадли келиб қолган ойларда Тошмат ака 60-70 минг сўм ишлаб оладилар. “Президент сайлови” бозорининг даллоли эса камида бир йил давомида, ҳар куни кекирдак чўзади, бироқ унинг “гонорари” Тошмат аканикидан хийлагина кўп.

Масалан, бир вилоят ҳокими Умарқул Сассиқбековнинг “гонорари” бир миллион…, йўқ, адашдингиз, сўм эмас, АҚШ доллари экан. “Президент сайлови” бозорининг даллоллари долларни ўлгудек яхши кўришарканлар-да, бироқ АҚШнинг ўзини нимагадир ўлгудек ёмон кўришар экан. Ўша вилоятда юрган гапга қараганда, бу “гонорар” Умарқул аканинг ёш болалари ва невараларига бир йиллик музқаймоққа етиб турар экан, ҳокимнинг ойлиги эса, яъни пешона тери билан топадиган ойлик маоши ундан салкам икки ҳисса…, яна адашаяпсиз, шошмай, мулоҳаза билан фикрласангиз-чи!, баракалла, ҳокимни жуда камситиш ярамайди, икки ҳисса кўп экан. Ҳозир Ўзбекистонда: “Ўйнашмагин ҳоким билан, ҳоким ундирар ҳар йўл билан”, - деган мақолни кўчада писта сотиб ўтирган кампирлар ҳам билишади. Тирикчилик-да!

“Умарқул Сассиқбековнинг жонига балли-ей!” - дейишади одамлар у кишининг “Президент сайлови” бозорида кўрсатаётган ҳунарига қараб. Бироқ Умарқул ака ва у кишининг сафдошлари кўрсатаётган маҳорати бесамара кетади, деб асло ўйламанг: бир кун, қарайсизки, И. Каримов атрофига одамлар тўпланиб, аниқроғи, унинг ҳалол ва ҳаром жойларга ёпиштириб ташланган расмларини қуршаб, томоша қила бошлайдилар.

- Ҳой Мамарасул, бу киши ўша олдинги президент Каримовми ёки бошқами? – дея сўрармиш ёнида расм томоша қилаётган одамдан “Чорбоғ” маҳалласида яшовчи Турсунбой ака.

- Ҳа, ўша киши.

- Олдинги йили Убайдулланинг тўйида одамлар: “90-йилми, 91-йилми, президентимиз бош бармоқларини юқорига кўтариб: “Августгача сабр қилинглар, август келса турмушингиз жуда яхши бўлиб кетади”, - деган эдилар. Ундан ҳам мана 15-16 йили ўтди, 15-16 август келиб кетди. Нима ўзгарди? Ҳамма қашшоққа айланиб бўлди-ку? Яна ўша одамни сайлаймизми? Йўқ, сайлаб бўлмайди!” – дейишувди-ку!

- Одамлар тушунмасдан гапиришган-да, Турсунбой. Мана куни кеча ҳокимимиз жон куйдириб Каримовни қанча мақтадилар. Газеталарни ўқийсизми, телевизор кўрасизми? Тўрт кун илгари Аҳмаджон қассоб гўшт ўраб берган газетани, гўштни хотин тузлаб халтага солгандан кейин очиб қарасам, юзларининг ярмисига қон теккан бўлса-да, расмда кулиб турибдилар. А. Ризқулов деган мухбир чунон ҳам мақтаганки, “Отангга балли-ей!” - деб юборибман. Мақоланинг охирида мухбир: “Бу кишидан бошқа яхши президентни топа олмайсизлар, сайласак ҳам Ислом акани сайлаймиз, сайламасак ҳам шу одамни сайлаймиз”, - деган. Мен ҳам шундай хулосага келдим, - деб сўзини якунлади Мамарасул.

“Тешик тепа” қишлоғининг қоқ ўртасида жойлашган чойхонага одамлар кўп тўпланишади. Йўлдан ўтиб кетаётиб, бир пиёла чой ичиб кетай, деб машинани чойхона томонга бурдим. Катта чинорнинг соясида 5-6 одам суҳбат қуришиб ўтиришибди экан. Чой устида уларнинг суҳбатига қулоқ тутдим.

- Президентимизнинг кичик қизи Лолахон жуда яхши ишлар қилаётган эмиш. Қайси куни телевизорда катта бир кўрсатув берди, Лолахонга бағишланган. Етимхоналар, етим болаларга меҳрибонлик кўрсатаётган эмиш. Кўрсатувнинг охирида Ислом Каримовдек инсоннинг қизи ёмон бўлмайди, дейишди ва: “Президент яна бир муддатга сайланса, ватанимиз муқаррар порлоқ келажакка эришади”, деб айтишди, - деди бир суҳбатдош.

- Лекин катта қизи Гулнора нима қилганини биласанми? У беш тонна тилла билан Москвада қўлга тушган. Тиллалар Россияга ўтиб кетибди. Шуми, яхши одамнинг фарзанди? - деб эътироз билдирди олдинги гапирган йигитнинг ёнида ўтирган шериги ва сўзида давом этди. – Етти кун бўлди пахта заводида ишлайдиган “Оломон”лик Жўравой велосипедининг багажнигига 5 кило чигит солинган халтани қўйиб кетаётган экан, милициялар ушлаб, устидан иш очиб, 6 йилга қамаб юборишибди. Ҳар бир кило чигит учун Жўравой қамоқда 1 йилу 73 кун ўтиради энди. Жўжабирдай жон эди.

- Катта қизи билиб қилганми, билмай қилганми, ким билади?! Лекин отаси яхши одам деб ҳар куни гапиришаяпти-ку! Бизга яна қандай одам керак? – деди қизишиб ўқитувчисифат, бироқ одмигина кийинган киши.

- Подшонинг қизи бўлгандан кейин қилади-да, билганини. Подшолар тўймайди, подшо тўйса, эл тўяди, деб бежизга айтишмаган-ку, ахир. Ҳали Ўзбекистондан оладиган нарса кўп, шунча бойликни шунчаки этак қоқиб ташлаб кетаверадими? Сайлаймиз-да! – деди истеҳзо билан яна бир суҳбатдош.

- Бироқ Конституция деган матоҳи бор-ку! – дея қизишди боя Жўравой деган йигит ҳақида гапирган суҳбатдош. - Конституция бўйича Ислом Каримов ўрнини бошқа одамга бериши керак-ку! - деб демократияни унча-мунча тушунишини намойиш қилди у ва шу пайтгача бурчакда жим ўтирган кўзойнакли одамга бир қаради.

Кўринишидан мулоҳазали одамга ўхшаш бу киши:

- Конституция нима ўзи? Уни ўзинг ақалли бир марта кўрганмисан? Конституция АҚШда Конституция, Францияда Конституция, бу ерда Конституция нима қилсин! Ўзбекистонда Конституция бу - милиция, прокуратура, СНБ, ҳокимият, билдингми? Сайловга бориб, Каримов учун овоз берасан, бўлмаса - қамаймиз, деб турса, қўлингдан нима иш келарди? Ана сенга Конституция! – дея жўшқин нутқ сўзлаб суҳбатни якунлади.

Бу гуруҳ ҳам, хоҳлайдими-хоҳламайдими, Каримов учун овоз беришга қарор қилганини кўриб, ўрнимдан турдим. Маҳаллага келсам, кеч соат 7 да клубда йиғилиш бўлармиш, деган гапни эшитдим. Нима йиғилиш экан, деб бордим ва ушбу манзарани кўрдим: ҳамма ёққа И. Каримовнинг катта-кичик расмлари осилган, зал одамга лиқ тўла, қизил алвон ёйилган катта стол ортида маҳалла оқсоқоллари, туман раҳбарлари ва негадир, вилоят прокурори ва милицияси бошлиғи ўтиришибди экан. Қишлоқнинг икки асосий ҳожиси Сағдулла ҳожи ва Босим ҳожи келганларга: “Сен бу ёққа ўт, сиз бу ёққа ўтинг!” - деб туришибди. Ҳалқ орасида кўпроқ Сағдулла-шилта деган ном билан танилган бу ҳожининг ўғли, туман ҳокими Мусурмон Болтаев президиумда, негадир, вилоят прокурорнинг пинжига кириб кетгандай аснода ўтирар ва кўринишидан отаси ва тоғаси Босим ҳожига яхши хизмат топширганидан мамнун эканлиги билинар эди. Клубга кираверишда “Бозор ва мозор - муқаддас жойлар, сайлов улардан-да муқаддасдир!” деган шиор битилган узундан-узун қизил алвон эшик тепасида ҳар қандай одамнинг диққатини ўзига тортади. Зал ҳам “Каримов ҳаммамизнинг отамиз!”, “Каримов ҳеч кимни оттирган эмас!”, “Президентимизнинг қизларидан қўлингни торт!”, “Биз ем еб турган охуримизни ҳеч кимга бермаймиз!” каби ўнлаб, балки юзлаб шиорлар билан савлатланган.

Президиумнинг ўртасида ўтирган “Ўзбекистон қаҳрамони” Мурод Шокиров ўрнидан туриб, дастлаб вилоят прокурорига бир қараб олиб, сўнг залга қараб сўз бошлади:

- Ўртоқлар, мана бугун қишлоғимизда катта байрам - ҳаммамиз “Президент сайлови” номли бозорнинг очилиш маросимига йиғилганмиз. Бу – Конституциямизнинг асосий талабларидан биридир. Менга қолса, мен бу бозорни “Ислом Каримовни сайлаш” деб атаган бўлар эдим. Тўғри-да, шу фикрга қарши бўлган бирорта одам борми? Кўрдингизми, ўртоқ прокурор, йўқ! Бўлиши ҳам мумкин эмас! Бироқ, биз демократик мамлакатда яшаяпмиз, шу сабабдан ҳамма ишни батартиб, қонун асосида қилишимиз керак: авваламбор, бозор ташкил қиламиз, унга асосий ва ягона номзод Ислом Каримовни олиб чиқамиз ва охир-оқибат шу кишини сайлаймиз! Тушунарлими? Қаршилар борми? Йўқ! Бетарафлар борми? Йўқ! Бир овоздан! Кўриладиган биринчи масала – бозорни ташкил қилиш. Бу масала бўйича сўзни, мана ўзлари ҳам келиб қолдилар, ассаломуалайкум ўртоқ ҳоким, бу ёққа марҳамат қилинг, сўзни Умарқул ака Сассиқбековга ҳурмату эҳтиром билан бераман.

- Ўртоқлар!

Ҳамма ўрнидан туради, залда қарсаклар янграйди. Кўпчиликнинг нигоҳи негадир туман ҳокими Мусурмон Болтаевга қараган. Болтаев жон-жаҳди билан қарсак урардики, унга қарамасликнинг иложи йўқ эди: унинг кафтлари бошидан ҳам юқорига кўтарилган, ҳар сафар кафтлари бир-бирига шиддат билан урилганда икки елкаси уларга эргашган ҳолда ўша шиддат билан олд-орқага бориб келарди.

- Ўртоқлар! Азалдан мамлакатни бир одам бошқариб келган. Ҳамма жойда! Фиръавнни олинг, Амир Темурни олинг! Амир Темур бобомиз то ўлганларича Ўзбекистонни, кечирасиз, то есть Мув..., Муван нах хер, Мурод ака, сизнинг тилингиз келишади, айтворинг.

-    Мавоуннаҳр.

- Мавоуннаҳрни бошқарганлар. Мао Цзедун жаноблари шундай Хитойни бир ўзлари бошқарган, “Хитой девори”дан бирорта ажнабийни ўтказмаган. Яна нечта мисол керак? Бизнинг, ҳаммамизнинг отамиз Ислом ака Каримов...

Ҳамма ўрнидан туради, залда қарсаклар янграйди. Бу сафар қарсак чалишда вилоят прокурори туман ҳокимини анча ортда қолдириб кетди. Ўн минутдан кейин вилоят ҳокимининг: “Ўтиринг, ўтиринглар”, – дейишига қарамай, Сағдулла ҳожи, Босим ҳожи ва яна йигирматача қатнашувчилар ўтирмай қарсак уришда давом этдилар.

- Отамиз Ислом Каримовнинг подшо, то есть президент бўлганларига энди ўн саккиз йил бўлди, холос. Мен ишонаманки, шу залда ўтирганларнинг ҳар бири Ислом ака 500 йилдан кейин ҳам шу лавозимда ишлашлари тарафдоридир. Шундай экан, мен бугун “Жуфтчилик” маҳалласида “Президент сайлови” номли бозорни очиқ деб эълон қила туриб, таклиф киритаманки, бу бозорда фақат отамиз Ислом Каримов...

Ҳамма гуррос ўрнидан туради. Залга инвалид коляскасида олиб келинган собиқ колхоз раиси Даминжон Жабборов ҳам зўр бериб ўрнидан туришга ҳаракат қиларди.

- Шундай қилиб, бу бозорда фақат отамиз Ислом Каримовнинг номлари янграши керак! Розимисизлар?

Залдан ўнлаб “Розимиз!” деган овозлар эшитилади. Мурод Шокиров ўрнидан туриб, залга мурожаат қилади:

- Қаршилар борми? Йўқ! Бетарафлар борми? Йўқ! Бир овоздан! Мажлис протоколига қайд қилинг! Таклифлар борми? Ҳожи ака, таклиф киритмоқчимисиз? Марҳамат!

- Менинг таклифим шуки, очилган бозорга энг катта даллол қилиб ҳурматли Умарқул ака Сассиқбековни сайлайлик, яъни ҳокимимиз барча даллолларга бошлиқ бўлсинлар, - деб Сағдулла шилта Сассиқбековга қараб, икки қўлини кўкрагига қўйган ҳолда тавозеъланди.

- Қаршилар борми? Йўқ! Бетарафлар борми? Йўқ! Бир овоздан қабул қилинди, - деб “Ўзбекистон қаҳрамони” вилоят ҳокимининг қўлини сиқиб табриклади ва илжайишда давом этиб, мажлисни давом эттирди.

Шу пайт залга икки йигит кириб келишди ва юриб келиб залнинг ўртасида тўхташди. Булар “Ўзбекистон ҳуқуқ ва эркинлик иттифоқи”нинг вакиллари Дамир Авазов ва Ҳамроқул Бердиёровлар эди. Уларга кўзи тушган ҳамоноқ вилоят ҳокими ўрнидан сапчиб турди ва ғазаб билан бақирди:

- Ким қўйди буларни залга? Прокурор, нега булар қамоқда эмас? Милиция бошлиғи, сиз менга “Клуб уч марта ўралган милиция ходимлари билан, сичқон ҳам ўта олмайди”, – деб айтмовдингизми? Булар қандай кирди бозорга?

- Ўртоқ ҳоким, ҳаммаси қамоқда, шу иккови холос озодликда. Яқинда Ислом ака...

Залда ҳаракат бошланиб, бир неча ўн одам ўрнидан турди, бошқалари нима қиларини билмай, бир-бирига, президиумда ўтирганларга қараб ўнғайсизланди. “Ўтир!” – деб бақирди милиция бошлиғи ва ҳокимга юзланди:

- Ўртоқ ҳоким, клубни беш қатор билан ўрайлик, милиционерлар елкама-елка туришсин, девдим, аммо министрликдан келган хатда уч қатор ҳалқа бўлсин, милиционерлар ораси бир метр бўлсин, дейилиган экан. Булар қандай кирди, ақлим бовар қилмаяпти.

- Чиқинг, оммавий тревога эълон қилинг. Ўртоқ прокурор, мен сиздан: “Нега булар қамоқда эмас?” – деб сўрадим. Нега?

- Яқинда президентимиз: “Ҳуқуқ ва эркинлик деганларнинг ҳаммасини қаманг. Фақат битта-иккитаси бозор ўтгунча юриб турсин, бозор ўтгандан кейин уларни ҳам қамайсиз. Мен Европа Иттифоқи билан шунга келишганман”, – деган эдилар. Қама десангиз, бугуноқ қамайман. 158, 159 ва 244-1 ни қўйсам бўладими?

- 165 ни ҳам қўшинг! - деди вилоят ҳокими жаҳл билан; - 165 бўйича мутахассисингиз борми?

- Бор, ўртоқ ҳоким. Саттор Тиллаев! У, керак бўлса, янги туғилган болани ҳам таъмагирликда айблаб қамаб юбориши мумкин, - деди прокурор ва буйруқ берди: - Олиб чиқинглар анави икковини!!

Дамир Авазов ва Ҳамроқул Бердиёров залнинг ўртасида элликтача одам қуршовида турар, атрофдан: “Булар халқ душмани!”, “Америка жосуси!”, “Террорист!”, “Отилсин!”, “Йўқ, осилсин!” – деган хитоблар эшитилар эди. Айниқса, қишлоқнинг асосий ҳожилари, туман ҳокими, унинг маслаҳатчиси Исроил Холмуҳамедовлар фаоллик кўрсатиб, ЎҲЭИ вакилларига еб қўйгандай ўқрайиб, ургандай ўқталиб туришар эди.

- Мажлисни ёпиқ деб эълон қиламан, мажлисимиз эртага шу маҳалда қўшни қишлоқ клубида давом этади, - деб ёв босгандай зудлик билан Мурод Шокиров мажлисни ёпди.

Одамлар залдан чиқа бошлашди. Клуб ҳовлисида ўнтача милиционер Дамир Авазов ва Ҳамроқул Бердиёровни судраганича милиция машинаси томонга олиб кетишаётгани кўринди.

...Ҳамма ёқда сайлов ҳақида гап. “Президент сайлови” бозорида даллолларнинг фаолияти авжига чиққан, улар тиним билмай Ислом Каримовни мақташади. “Кеб қолинг! Бундай президентни ҳеч қачон топа олмайсиз! Европадан учта, Осиёдан тўртта, қора Африкадан саккизта, Шимолий, Марказий ва Жанубий Америкадан бешта, Океаниядан ҳар икки давлатнинг биттаси “Ислом Каримовни бизга беринглар!” деб турибди! Ҳамма қўшни давлатлар ўзининг чегарасини тиканли симлар билан тортиб ташлаганда, бизнинг президентимиз бу ишни қилмадилар ва одамларга: “Хоҳласанг у мамлакатга чиқиб келавер, хоҳласанг – бунисига!” - дедилар. Ҳамма ўзининг чегарасига мина қўйиб чиққанда, Ислом Абдуғаниевич чегарамизга ҳатто арчага осиладиган “хлопушка”ни ҳам кўмдирмадилар! Қирғиз, қозоқ ва тожик миналаридан қанчадан-қанча одамлармиз ўлиб кетишди. Мана, қўшни мамлакатларга бориб кўриб келинг, уларда йўлларнинг ҳар беш километрида биттадан блок-пост ўрнатилган, ёнида катта калибрли пулемётлар жойлаштирилган ДОТлари, яъни узоқ муддатли ўт очиш нуқталари бор. Бизда-чи? Тошкентдан Нукусгача йўл юрсангиз ҳам, бирорта блок-постни, бирорта милиционерни кўрмайсиз. Бу – ҳурматли Ислом Абдуғаниевичнинг хизматлари, шунинг учун ҳам Ўзбекистон дунёда энг эркин ва тинч мамлакат”, - деб бақирар эди бозорнинг ўртасида туриб олган асосий даллоллардан бири, бир илмий-текшириш институтининг директори.

Мен ўзим ўқиганим йўқ-ку, аммо одамларнинг айтишича, Сирдарё вилоят прокуратурасининг “Адолат кўзгуси” газетаси мухбири, жўшқин даллол Сорабек Холмуродов (фамилиясини иккиланиб ёзаяпман, чунки исмига қараганда аёлга ўхшайди; бир гулистонликнинг айтишича, мухбирнинг исми аслида Сорахон бўлиб, у ўзига “Сорабек Холмуродов” деган тахаллус олган эмиш; иккинчи бир гулистонлик мени “Сорахон - вилоят прокурорининг иккинчи хотини” деган гапга ишонтиришга уринди) ўзининг президент сайловига бағишланган 187-мақоласида қуйидагича ёзибди:

“Ислом Абдуғаниевич эркак сифатида бенуқсон инсон бўлиши билан бир қаторда, унинг доно сиёсати туфайли вилоятимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар барқ уриб ишлаб ётишибди. Баъзи оғзига эрк берувчилар Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Cирдарё вилояти бўлими раиси Аъзамжон Фармоновни 9 йилга қамашиб, Жаслиқдаги қамоқхонага жўнатишди, деб айюҳаннос солишаяпти. Бўлмаган гап! Инсонпарвар президентимизнинг шахсан ўз кўрсатмаларига кўра, Аъзамжонга Жаслиқда очилган, ҳар қандай касалликни шўр сув, ёзда иссиқ, қишда совуқ билан даволайдиган санаторияга 9 йиллик путёвка бериб, оқ йўл ва саломатлигини тиклаб келишни тилаб, жўнатиб юборишди. Ишонмасангиз, вилоят прокурори, бизнинг эътиқодли даллолларимиздан бири Азимжон Эргашевдан сўранг! Ҳозирги кунда у, яъни Аъзамжон санаториянинг одамлар томонидан ҳазиллашиб “Штрафной изолятор” (ШИЗО) деб аталувчи бўлимида даволанаяпти экан”.

Даллоллар орасида қурбонлар ҳам бўлиб турибди. Улар шу қадар даллолчиликка берилиб кетишганки, Ислом Абдуғаниевич учун ҳеч иккиланмай ҳаётларини қурбон қилишга тайёрлар. Яқинда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида яшовчи, одамларга санаторияга путёвка ёзиб бергич даллол, шаҳар судининг раиси Эркин Хидирбоев “Президент сайлови” бозоридан уйга қайтаётганида, бозордаги муваффақиятидан жуда таъсирланиб кетганми, ўзининг машинасида рўпарадан келаётган “КАМАЗ”нинг тагига кириб кетибди. Бироқ бозор тугагунча ўзини қурбон қилишга тайёр турган даллоллар, эҳ-ҳе!, қанчадан-қанча!

2007 йилнинг ўрталари, бозор авжига чиққан, кўпчиликнинг оғзи қулоғида. Даллоллар Ислом акани мақташда чунон ҳам мусобақага берилиб кетишганки, клублар, катта-катта залларга ҳайдаб..., кечирасиз, таклиф қилинган одамлар минбарда туриб даллоллик қилаётган шахснинг ҳар икки жумласидан кейин гулдурос қарсак чалиб, еру кўкни ларзага солишади. Баъзи харидор..., э-э-э, кечирасиз, бу ер молбозор эмаслиги ёддан кўтарилибди, баъзи мажлис қатнашчилари қарсак чалаётганда қўлларини пешонаси қадар кўтариб, балли, тушунибсиз, худди туман ҳокими Мусурмон Болтаев каби, жон-жаҳди билан ҳаракат қилишмоқдаки, уларнинг ҳатто елкалари қўлларига эргашиб, олға ва ортга шиддат билан бориб келаяпти.

Бироқ андижонликлар негадир маъюс. Андижон даллоллари, айниқса, миршабликдан вилоят ҳокимига айланган Аҳмад Усмонов ҳарчанд уринмасинлар, одамларнинг юзида кулгу пайдо бўлмайди, ичи ёришмайди, қарсаклар шип-шилдириқ шўрводек суюқ янграйди. “Одамларимизни отдирган шахсни сайлаймизми?” – деган гаплар қулоққа чалинади онда-сонда. Бу гаплар даллолларга ҳам етиб борса керак, бир бозорда бош даллол бор кучи билан бақира..., йўқ, ўкира бошлади:

- Ким андижонликларни отдирибди? Қирғизистондан келиб отиб кетишди-ку! Агар Ислом Абдуғаниевич ўз вақтида Маҳмуд Худойбердиев ва Владимир Мамо билан Андижонга етиб келмаганларида, улар Хоразмгача отиб боришарди! Андижон турмасини битта грузовой машина билан бир соатда олган террористлар Тошкентни ҳам уч соатда олишарди. Яхшиям бизда Маҳмуд Худойбердиев ва Владимир Мамо каби халқпарвар ва жанговар ўзбекларимиз бор! Ислом Абдуғаниевич учига чиққан халқпарвар бўлганларидан кейин, улар ҳам халқпарвар бўлмай қаерга боришади?

Залнинг бир чеккасидан:

- Нега бўлмаса Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов: “Маҳмуд Худойбердиевни бизга топширинглар, биз уни суд қиламиз”, – деяпти? - деб сўраб қолди бир овоз. Даллол бирдан шаштидан тушиб, нима дейишини билмай, залда бозорни бошқараётган одамга савол назари билан қаради. Бошқарувчи даст ўрнидан туриб:

- Бугунги мажлисни ёпиқ деб эълон қиламан. Савол берган киши қолсин, унга алоҳида, батафсил жавоб берамиз. Қолганлар уй-уйига кетиши мумкин, - дейиши билан негадир милиционерлар ҳаракатга келишди. Савол берган одам “Чувама” маҳалласида яшовчи Жаҳонгир Шаробиддинов экан. У ашаддий халқ душмани бўлиб чиқди – эС-эН-Бэчилар обдон текширишибди. У қонунда кўрсатилган 158, 159, 244-1, 244-2, 216, 165, 139, 140 каби 17 та модда билан тақдирланиб, қўлига путёвкасини тутқазиб, 18 йилга саломатлигини тиклаб келишга Жаслиққа жўнатиб юборилибди.

Бозор бозордай бўлиши керак-да! Бозорни бузаман деганлар ҳам оз эмас. Бу-ку, “Президент сайлови” бозори, ҳатто ўзимизнинг бозорлармизни ҳам бузмоқчи бўлганлар бор. Масалан, “Шўробозор” даллоли Тошмат аканинг айтишича, у бир марта бир бузоқни сотаётганда, одамлар бузоқни ўраб олиб, роса томоша қилаётган пайтда бир одам: “Ие, бу бизнинг маҳалламизлик Шариф аканинг чичқоқ бузоғи-ку, бу бутун бошли катта бир подани булғаб юради”, – дейиши билан бузоқ бу ёқда қолиб кетиб, одамлар бузоқни таниб қолган кишини уракетишган. Андижонда ҳам милиция ва СНБнинг ғалвиридан ўтгандан кейин “Чувама”лик Жаҳонгир Шаробиддинов нақд чичқоқ бузоқнинг ўзи бўлиб чиққан.

Ветеринар-мутахассис, яъни сиёсатчи молфурушларнинг гапига қараганда, 2007 йилнинг декабрида Андижонда алоҳида бозор сайлов, Ўзбекистоннинг қолган барча ҳудудида алоҳида бозор сайлов бўлар эмиш. Одамлар уларни “Кичик бозор” ва “Катта бозор” деб атай бошлашибди. “Катта бозорда” даллолларнинг гапи одамларга маъқул келибди. Улар: “Бундай сиг..., президент ўзимизга ҳам керак!” – деб Ислом Абдуғаниевични Африка, Океания ва Марказий Америкадан келган талабгорларга бердиртирмай, Ўзбекистонда қолдиришга кўндиришибди.

“Кичик бозор”да бозор-сайловни ўтказиш муаммо бўлиб турса ҳам, Ўзбекистон Бош прокурори Башар Собиров, ички ишлар вазири Ботир Мавлонов, МХХ раиси Бўстон Икромовлар унинг ажойиб, халқпарвар йўлини топишибди. Бозор арафасида “Кичик бозор”га Ўзбекистон милициясининг тўртдан уч қисми, яъни 600 минг милиционерни олиб келиш мўлжалланаяпти экан. МХХ ходимлари кўрсичқон каби доимо махфий, яширин юришларини эътиборга олсак, улардан қанча одам у ерга боришини ҳеч ким айтиб бера олмади.

 “Шўробозор” даллолсиз қолди.

Келган хабарларга қараганда, “Шўробозор” ўзининг машҳур даллолидан ажраб қолибди. Тошмат ака “Президент сайлови” бозорининг даллоллари ишини кўриб: “Биз ҳам даллолмиз деб юрган эканмиз-да! Даллолнинг зўри бу ёқда экан. Обрўйим борида этакни ёпақолай”, – деб даллолчиликни ташлаб кетган эмиш.

Президент сайлови арафасида

юрт кезган Толиб Ёқубов

 Гостевая книга Форум Чат Сообщество правозащитников Почта Опросы общественного мнения  Узбекчa  Русский English France

  Рейтинг@Mail.ru



Hosted by uCoz