Общество Прав Человека Узбекистана

Официальный сайт

В условиях отсутствия справедливости и правосудия

государство превращается в шайку разбойников

Августин Аврелий

Гостевая книга Форум Чат Сообщество правозащитников Почта Опросы общественного мнения  Узбекчa  Русский English France

 Буюк келажак” нима ва у қачон келади?

Толиб Ёқубов
Нашр қилинди: 09 март, 2007 йил


Халқимиз доно ва буюк. У ҳар қандай ёлғонни англай билади ва шубҳасиз унга ўз муносабатини билдириб келган. Буни у баъзан латифалар тарзида ҳам намойиш этган. Мана шулардан бири.

 Эргашвой И. Каримов ҳузурида

Сурхондарёнинг узоқ бир тоғли қишлоғида яшовчи қария Бувинисо она ўғли Эргашвойдан бир нарсани ҳадеб сўрайверар эканлар:

- Ўғлим, “буюк келажак” нима? У қачон бўлади?

Онасининг саволларига жавоб топа олмай, Эргашвойнинг боши қотар экан. Бувинисо она, тушмагур, ўз саволини навбатдаги марта берганларида, Эргашвой онасига:

- Бир оз сабр қилиб туринг, она. Мен яқинда Тошкентга бораман ва ўртоқ Каримовга учрашиб, билиб келаман, - дебди.

Эргашвой Тошкентга бориб, Каримовнинг қабулига кирибди ва унга:

- Ўртоқ Каримов, онам ҳадеб: “Буюк келажак нима, у қачон бўлади?” - дея сўрайвериб, ҳоли-жонимга қўймайдилар. Жавоб бера олмай жуда қийналиб кетдим. Жавобини Сиздан эшитгани келдим, Тошкентга. Илтимос, менга шуни тушунтирсангиз, - дебди.

Каримов қараса, рўпарасида ўтирган йигит содда, қишлоқи, юқори материяларни тушунмайдиган бир инсон эмиш. Қандай тушунтиришни билмай, унинг ҳам боши қотибди. “Бу қишлоқига бир мисол билан тушунтиришим керак, акс ҳолда тушунмайди”, - деб ўйлабди-да, Эргашвойни дераза олдига чорлабди. Унга ҳовли саҳнида турган машинани кўрсатиб:

- Анави машинани кўраяпсанми? - деб сўрабди.

- Ҳа.

- У - менинг машинам. Унинг ёнида тургани – Мирзиёевники. Қачон сенинг машинанг шуларнинг ёнида турса, ўша “буюк келажак” дегани бўлади, ана ўшанда “буюк келажак” келгани бўлади, - деб тушунтирибди Каримов.

Эргашвой уйига қайтибди. Ўғлига чой дамлаган онаси:

- Ўғлим, яхши бориб келдингми? Ўртоқ Каримов билан учрашдингми? “Буюк келажак” нима экан, у қачон келар экан, сўрадингми? – дея Эргашвойни саволга тутибди.

- Ҳа, она, сўрадим.

- У сабил нима экан, қачон бўлар экан?

Эргашвой онаси 70 га кириб ҳали машинани кўрмаганини эслаб, атрофга аланг-жаланг қарабди. Онасига сабил “буюк келажак”ни қандай тушунтирсам экан? – деб ўйланиб қолиб, пойгакда турган икки жуфт калишга кўзи тушибди.

- Она, ана у калиш меники, биласиз-а? Ёнидагиси - сизники. Қачон ўртоқ Каримовнинг калиши бизнинг калишларимиз қаторида турса, ўша “буюк келажак” дегани бўлади, ўша пайтда “буюк келажак” кириб келади, - деб гапни лўнда килибди Эргашвой.

* * *

Бу латифанинг остида чуқур фалсафий ва ижтимоий фикр ётибдики, уни содда, умри тоғ сўқмоқларида ўтган Эргашвой ўз ички туйғуси билан англаган: ҳокимият билан халқ орасида беҳад улкан узилиш, чуқурлик, ўпқон юзага келган. Буюк келажакни ҳам, буюк тушкунликни ҳам - қайси бири содир бўлишидан қатъий назар - халқ ва мавжуд ҳокимият бир пайтда кўришмайди: ҳосил бўлган ўпқон ё ҳокимиятни, ё халқни ютади. И. Каримов бошқаруви мамлакатни буюкликка олиб чиқмаслиги (олиб чиқа олмаслиги) шубҳасиз барчага аён бўлдигина эмас, балки унинг репрессив сиёсати жамиятни катта тезлик билан буюк тушкунлик томон олиб кетаётганини ҳамма англай бошлади. Шу сабабли бу ўпқон И. Каримов ҳокимиятини ютиши эҳтимоли жуда катта эканлигини сезиш қийин эмас.

Яна такрорлаймиз: жамият ва уни бошқараётган ҳокимият орасида улкан узилиш, ўпқон пайдо бўлганми-йўқми? - деган саволни муҳокама қилишга ҳожат йўқ: унинг мавжудлиги ва тобора чуқурлашиб бораётгани шу қадар равшанки, сиёсий экспертларни бир ёққа қўятурайлик, уни тоғлик Эргашвой ҳам, водийлик Мамадали ҳам, бухоролик Сайдулло ҳам, қорақалпоғистонлик Каллибек ҳам, тошкентлик Баҳодир ҳам тубигача тушуниб етганлар.

Асосий савол эса: “Бундай узилиш, ўпқон пайдо бўлишининг сабаби нимада?” бўлиб, у узоқ вақтлар ўз таҳлилини, ечимини кутади. Ушбу мақола шу йўналишдаги дастлабки бир уринишдир, холос.

 

Кимлар ўзгармади?

1991 йилнинг 8 декабрида Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи (СССР) номли худосиз, динсиз, комунистик давлат қўлида ўзининг “Коммунизм сари олға!” деган асосий шиорини кўтарганча, ўқ теккандай, қулади ва унинг жисми бир неча бўлакларга бўлиниб, сочилиб кетди. Катта-кичик бўлакларнинг бирортасида “Коммунистик тузум давом эттирилади”, деб эълон қилинмади. Аксинча, уларнинг ҳар бири (Болтиқбўйи давлатларидан ташқари) бир кунда, яъни ўз конституцияларини қабул қилган куни “демократик” давлатга айланди. Хусусан, қип-қизил авторитар сиёсий тузум ўрнатилган Ўзбекистон бунга 1992 йил 8 декабрь (Конституция қабул қилинган) куни “эришди”. (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасига қаранг).

Болтиқбўйи давлатларини ҳисобга олмаганда, СССР ўрнида пайдо бўлган давлатларда тузумнинг номи ўзгарди-ю, моҳияти ўзгармади. Буюк мутафаккир алломаларнинг айтишича, давлат тузуми халқпарварлик ва инсонпарварлик томонга ўзгариши учун унинг раҳбарининг сиёсий ва инсоний нияти (иродаси) тоза ва пок бўлиши зарурий шарт экан.

Давлат раҳбарининг бу хислати халқаро муносабатларда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли давлат халқаро банклар, ҳукуматлар ёки бошқа молиявий институтлардан салмоқли кредит олмоқчи бўлса, пул берувчи томоннинг экспертлари кредит олувчи давлат раҳбарининг сиёсий ва инсоний нияти (иродаси)ни ўрганишга ҳаракат қилишади. Давлат раҳбари нияти (иродаси)нинг нопоклиги тузилган шартномаларнинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин.

Характерли бир мисол келтираман.

90-йилларнинг охирида Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) Ўзбекистонга 180 миллион доллар кредит ажратиб, унинг ярмини мамлакат Марказий Банки (МБ)га ўтказди. Келишилган протокол бўйича маълум бир вақтдан кейин ХВФ вакили (махсус элчиси) Ўзбекистонга келиб, 90 миллион доллар маблағ қандай мақсадлар учун ишлатилгани билан қизиққан, яъни ҳукуматдан ҳисобот сўраган. Ҳукумат ҳисоботи салбий бўлгани учун, Ғарб демократиясининг удуми бўйича ХВФ вакили ўз фикрини оммавий ахборот воситалари (ОАВ) диққатига етказмоқчи бўлиб, МБ биносида журналистлар билан матбуот конференцияси чақирган. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати буни амалга оширишга йўл бермаган. Шундай бўлса-да, ХВФ элчиси матбуот конференциясини бошқа жойда ўтказишга муваффақ бўлган ва унда Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий сиёсатини кескин танқид қилган. Бироқ, эртаси куни мамлакатнинг барча марказий газеталари: “ХВФ вакили Ўзбекистон президенти олиб бораётган иқтисодий сиёсатни юқори баҳолади”, - деб ёзиб чиқишди. Натижада ХВФ Ўзбекистонга кредитнинг иккинчи ярмини беришдан бош тортган: унинг биринчи ярми мамлакатда демократик иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш учун эмас, балки мавжуд репрессив режимни мустаҳкамлаш учун сарфланганлиги маълум бўлган, яъни И. Каримовнинг сиёсий ва инсоний нияти (иродаси) бузуқ эканлиги исботланган.

Экспертлар постсовет[1] раҳбарларини сиёсий ва инсоний нияти (иродаси)га қараб уч гуруҳга бўлишади. Биринчи гуруҳни ташкил этувчи Кравчук, Шушкевич, Муталибов, Гамсахурдиа, Тер-Петросянлар сиёсий саҳнада кўп бўлишмади ва шу сабабли ўзларининг сиёсий ва инсоний ниятлари (иродалари)ни тўлиқ намойиш қилишмади, деб ҳисобланади. Иккинчи гуруҳга кирувчи Ельцин, Назарбоев, Акаев ва Воронинлар авторитар раҳбарлар бўлишига қарамай, уларнинг ҳар бири совет раҳбари менталитети[2]дан бир оз четга чиқишга ҳаракат қилишди. Ва бунинг натижаси ўлароқ Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Молдова халқлари маълум даражада эркинликка эришди. Соф демократик руҳдаги Элчибейни шартли равишда мазкур гуруҳга киритиш мумкин, бироқ у КГБнинг мактабини ўтаган Гейдар Алиев фитнасининг қурбони бўлди.

Советларча менталитетга содиқ қолган давлат раҳбарлари гуруҳига сўзсиз Каримов, Ниёзов, Набиев, Алиев, Лукашенко, Шеварднадзе, Кучма, Раҳмонов, Путин, Снегур ва Кочарянларни киритиш мумкин. Шубҳасиз, бу учинчи гуруҳда советларча менталитетга абсолют (мутлақ) содиқ қолган ва уни янги “чўққиларга” олиб чиқишган И. Каримов ва С. Ниёзовлар ўзларининг алоҳида ўрнига эгадир. Бу икки раҳбарнинг ўз халқлари олдидаги асосий “хизмати” шундан иборатки, улар ўзбек ва туркман халқларини 19-асрга қайтардилар. Совет идеологияси, сиёсат ва иқтисодда советларча бошқариш усулларини қўллаш, совет турмуш тарзи, инсонни ҳурмат қилмаслик, Конституция ва қонунларни совет давридагидек оёқ ости қилиш, халққа муттасил ёлғон гапириш ва уни лақиллатиш ва энг асосийси, худосизлик қон-қонига сингиб кетган Ислом Каримов ва Сапармурод Ниёзов давлатни бошқаришда бу жиҳатларни классик шарқона деспотизм[3] билан “бойитишди”.

 

“Академик” Каримовнинг иқтисодий сиёсати

Совет тузуми тарбиясини олган ва унга дилдан меҳр қўйган И. Каримов сиёсат ва иқтисодда советларча бошқариш усулларини ўзгартирмади. 70-йилларда у билан бирга ишлаган одамларнинг айтишича, унинг Л. Брежневга бўлган меҳри жуда юксак бўлган. Каримов томонидан қисқа муддат ичида ўнлаб китобларнинг ёздирилиши (ёзилиши эмас, айнан ёздирилиши) ва ўз номидан чоп эттирилишини фақат ва фақат Брежневга тақлид қилиш билан тушунтириш мумкин. Бу китобларнинг ёздирилишидан мақсад ўзбек жамиятида, уларда ёзилганидек, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказиш эмас, балки Ўзбекистонда ва айниқса халқаро доираларда И. Каримовнинг имиджи, рейтинги (обрўси)ни ошириш бўлганлиги ҳозир ҳаммага аён бўлди.

Ҳар қандай давлат раҳбари учун ижобий халқаро имидж, рейтинг (обрў) ҳаводай зарур. Уни сиёсий ва инсоний нияти (иродаси) пок бўлган раҳбар ўз давлатида халқпарвар, инсонпарвар демократик ислоҳотлар ўтказибгина эгаллаши мумкин. И. Каримов давлат тепасига келганда уни дунёда ҳеч ким танимас эди. У халқаро имидж, рейтинг (обрў) орттириш учун демократик ислоҳотлар ўтказиш йўлини эмас, балки халқаро ҳамжамиятни лақиллатиш йўлини танлади.

Характерли мисоллардан бирини келтираман.

Аслида ўзбекистонлик олим, СССР дипломатик корпуси таркибида кўп йиллар турли Европа мамлакатларида ишлаган ва танилган одамга 90-йилнинг бошида И. Каримовнинг давлат маслаҳатчиларидан бири қўнғироқ қилиб, Европа газеталарида мамлакат раҳбари ҳақида бир қатор мақолалар ёзиб, чоп этишни илтимос қилган ва бу “хизмат” моддий тақдирланишини айтган. Ўзбекистонлик олим беҳаёларча қўйилган бу таклифни қатъиян рад этган.

Давлат тепасига келгач, кўп ўтмай, совет иқтисоди бўйича кандидатлик (номзодлик) диссертациясини ёқлаб, 70-йилларда иқтисод фанлари номзоди бўлган И. Каримов демократиянинг иқтисодий асоси бўлган бозор иқтисодиёти бўйича Ўзбекистон фанлар академиясининг академигига айланди. Бу найранг тез орада фош бўлди. Совет иқтисодига И. Каримовнинг меҳри шу қадар эдики, у мустақил Ўзбекистоннинг миллий валютасини СССР валютасининг айнан ўзидай қилиб ишлаб чиқди ва амалга киритди:

1, 2, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлар,

1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлар.

Тез орада, халқ таъбири билан айтганда, “Каримов пуллари”дан барча тийин-тангалар ҳамда 1, 3, 5, 10 ва ҳатто 25 сўмлар бутунлай муомаладан чиқиб кетди, 50 ва 100 сўмликлар эса лўлининг иштонидай увадага айланди. Бу - И. Каримовнинг иқтисод бўйича “академлик”лиги ва мамлакат иқтисодининг ҳолатини белгиловчи асосий қирралардан биридир.

Постсовет даври мамлакатлари 90-йилларнинг бошида ўз миллий валюталарини ишлаб чиқишга ва уни мустаҳкамлашга киришишди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз валюталарини муомалага киритишганда мамлакатимизнинг 1 сўми қозоқларнинг 2 тенгесига тенг эди, ҳозирги кунда эса 1 тенге ўзбекларнинг 10 сўмига тенглашди. Оддий тилда айтганда бунинг маъноси шуки, 1991 йилдан бошлаб қўшни давлатнинг иқтисоди Ўзбекистонникидан камида 20 марта ўсиб кетди ва катта тезликда ўсишда давом этмоқда. Бу Ўзбекистон иқтисодининг ҳақиқий аҳволни кўрсатувчи иккинчи муҳим қиррадир. Қозоғистон иқтисодий ўсишда давом этаётган бўлса, “академик” И. Каримов мақтанишда, унинг милицияси, прокурорлари, судьялари, эС-эН-Бэчилари, ҳокимлари ва яна бошқа юз минглаб гумшаталари халқни, мамлакатни талашда давом этмоқда.

Мен, Н. Назарбоев тарафдори эмасман, бироқ Қозоғистон президенти шакллантирган сиёсий тузум ҳам моҳиятан авторитар бўлса-да, у ҳеч бўлмаса ўз халқига бирмунча иқтисодий эркинлик берганини тан олиш керак. Н. Назарбоев сиёсий эркинликни бўғиб, халқига катта иқтисодий эркинлик берган Чили диктатори Аугусто Пиночетнинг йўлини танлади, дейиш мумкин. Айтиш мумкинки, Ўзбекистондагидан фарқли ўлароқ, Қозоғистон полицияси, солиқчилари, прокуратура ва суд ходимлари, ҳокимият вакиллари ўз халқини қароқчилардай талаётгани йўқ.

2007 йил февралида Нью-Йорк шаҳар суди иқтисодчи, Н. Назарбоевнинг иқтисодий маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Гиффен устидан очилган жиноий ишни кўришни бошлагач, Қозоғистон президентини нималар кутаётгани ҳақида бир нарса дейиш қийин. Бироқ, у ўз халқи ва ватани тарихида катта ислоҳотчи бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

И. Каримовнинг иқтисодий сиёсатига одамларнинг муносабати турлича бўлса-да, бироқ уларнинг аксарияти салбий эди. “Каримов даври” тугагач, унинг самарасиз (ноэффектив) иқтисодий сиёсатини фош этувчи жиддий илмий мақолалар ёзилажагига мен аминман. Бу ерда мен иккита ўта оддий, аммо салмоқли мисол келтирмоқчиман.

Биздан нариги кўчада, қишлоғимиздан II жаҳон урушига кетиб, бир оёғидан ажраб қайтган Қўзи амаки деган инсон яшар эди. У киши И. Сталин ва И. Каримовнинг ашаддий тарафдори бўлиб, уларнинг ҳар бирининг қаттиққўллик билан давлатни бошқарганлигини ҳурмат қилар эди. Мен Қўзи амаки билан қишлоқда бўладиган маъракаларда ёки кўчадан ўтиб кетаётганимда (Қўзи амакининг кўчада, дарвозаси олдига қўйилган скамейкада ўтирадиган одати бор эди) учрашганимизда, у киши дарҳол мени ёнига чорлар ва сиёсатдан суҳбат очар эди. Мен И. Каримовнинг иқтисодий сиёсатини танқид қила бошлаганим ҳамоноқ, Қўзи амаки жон-жаҳди билан уни ҳимоя қилишга киришар ва одатда ўзининг асосий аргументи (важи)ни ишга солар эди:

- Унни вақтида етказиб бериб турган бўлса, мой, чой, шакар, пенсияни вақтида етказиб бериб турган бўлса, сенларга яна нима керак?!

Мен навбатдаги марта кўчадан ўтиб кетаётганимда Қўзи амакига кўзим тушди ва саломлашиш учун бурилдим. Саломлашиб бўлар-бўлмас, Қўзи амаки жиддий тусда И. Каримовни сўка кетди. Мен:

- Ҳай-ҳай, амаки, тинчликми, нега президентни ҳақорат қилаяпсиз? Унни, мойни, чойни, пенсияни вақтида етказиб бериб турган бўлса, нега ундан хафа кўринасиз, - дея унинг аргументларини ўзига қаратдим.

- Ҳе, ўша пенсиясини ҳам... Мен тўртта подшони кўрганман, бироқ ҳаром эшак бир ярим миллион турганини энди кўрдим, - деди Қўзи амаки фиғони чиқиб.

Воқеа 1994 йилда бўлиб, эшак Жиззах бозорида бир ярим миллион сўм-купонга чиққан экан. Урушдан кейинги умрини, пенсияга чиққунига қадар, колхозда бухгалтерликка сарфлаган Қўзи амаки И. Каримовнинг иқтисодий сиёсатидан норози бўлиб дунёдан ўтди.

Менинг Рустам деган бир танишим бўлиб, у кўп йиллардан бери маҳаллий ҳокимият раҳбарлари билан келишиб, совет давридан қолган биноларни сотиб олар ва уларни бузиб, улардан чиққан қурилиш материаллари (темир-терсак, тахта-ёғоч, ғишт ва ҳоказолар)ни бозорга олиб чиқиб сотиб келади. Бир кун суҳбатда мен унга:

- Бу бизнес ноқонуний, тушунсанг керак. Сен бузиб сотган биноларни бундан кейин тиклаш давлат учун жуда оғир бўлади. Демак, сен мамлакатнинг хонавайрон бўлишига ҳисса қўшаяпсан. Вақт келади, И. Каримовдан тортиб маҳаллий ҳокимият вакилларигача бу вайронагарчиликлар учун жавоб беришади. Шунда сен ҳам ёмон отлиқ бўлиб қолишдан қўрқмайсанми? - деб савол бердим.

- Толиб ака, менинг бизнесим ҳақиқатан ҳам ноқонуний эканлигини биламан. Лекин мен қилаётган иш Ўзбекистонда содир этилаётган тала-таланинг олдида денгиздаги бир томчи сувдай-ку? Бу ишни мен қилмасам, кимдир албатта қилади. Тала-талага Каримовнинг ўзи рухсат бериб қўйгандан кейин нимадан қўрқишим керак?! - деб у ўз “фаолиятини” оқлади.

И. Каримовнинг “доно” иқтисодий сиёсати туфайли мамлакатда беҳисоб, бу сўзни яна бир бор такрорлайман, беҳисоб бинолар, иншоотлар, завод ва фабрикалар, комбинатлар, фермалар, трактор ва машина парклари талон-тарож қилинди. Узоққа бормайлик: Ангрен шаҳрида Марказий Осиёда энг катта гўшт комбинати бўлиб, у Каримов даврида беш марта қўлдан-қўлга ўтди, яъни сотилди. Уни сотиб олган ҳар бир одам комбинатни бузиб, қурилиш материалларини сотди. Ҳозирги кунда ҳашаматли комбинатдан фақат ташқи девор қолган, холос.

Жиззах шаҳрида жойлашган машҳур уй-жой қурилиш материаллари комбинати маҳсулоти билан Жиззах ва Сирдарё вилоятларида юзлаб пахта ва мева етиштирувчи совхозлар тикланган, у ерларга Ўзбекистоннинг турли жойларидан юз минглаб инсонлар кўчиб келган ва уй-жой ҳамда иш билан таъминланган эди. Ўша машҳур комбинат ҳозир борми? Унинг ўрнида ҳозир бомбардировкадан сўнг қоладиган вайрона турибди. Маҳаллий ҳокимиятнинг порахўр раҳбарлари билан келишган ҳолда комбинатни биринчи бўлиб унинг директори А. Абдуллаев буза бошлади ва қурилиш материалларини эшелон-эшелон қилиб Қримга жўнатди. Комбинат Ўзбекистоннинг ўзига керак бўлмасмиди? - деган қонуний саволга ким жавоб беради?

Мен – жиззахликман. Ўзбекистоннинг Жиззах музофотидан бошқа жойларда давлат ходимлари томонидан содир қилинаётган ўғирлик ва талон-тарожликлар масштаби (кўлами)ни мен чуқур тушунсам-да, бироқ деталларини билмаслигим мумкин - вақти келиб Ўзбекистоннинг турли жойларида яшовчи соф виждонли, одам қиёфасини сақлаб қолган, ўғрилик ва талон-тарождан ўзини тийган минглаб инсонлар бу ҳақда ёзишларига мен аминман - бироқ Жиззахдаги ўғрилик ва талон-тарожликлар ҳақида батафсил маълумотга эгаман. Мана мисол.

Совет даврининг охирги йилларида ҳам Жиззах туманидаги Ҳамид Олимжон номли колхоз далаларига 45 та пахта териш машиналари чиқар эди. 2000 йилга қадар шу машиналардан 5 таси қолди, холос. Колхоз раиси М. Қаҳҳоров туман ва вилоят раҳбарлари билан келишган ҳолда колхознинг аксарият пахта териш машиналари, тракторлари ва автомашиналарини қўшни Қозоғистонга сотиб юборди. У халқнинг кўзи ўнгида колхозчилар мулки бўлган бир неча енгил автомашина, бир неча трактор, иккита мол-от фермаси, икки қаватли идора биноси (катта боғи билан) хамда беш юз гектардан ортиқ ерни ўзи ва ўғилларига хусусийлаштириб олди, колхознинг минглаб қўйлари, юзлаб моллари ва отлари сотилиб ўзлаштирилди. Айни пайтда колхоз территориясида яшовчи юзлаб оилалар фақат томорқа ер билан тирикчилик ўтказишга маҳкум қилинган. Ваҳоланки, бу оилаларнинг кўпчилигининг аъзолари умрини колхоз далаларида ишлаб ўтказганлар.

Бу ерда Ўзбекистондаги минглаб колхоз ва совхозларда раҳбарлар томонидан содир этилган талон-тарожликларни кўрсатувчи биргина мисол – Жиззах туманидаги Ҳамид Олимжон номли колхоз мисоли келтирилди, холос. Бундан қуйидаги иккита хулоса келиб чиқади ва улар “академик” И. Каримовнинг иқтисодий сиёсатининг асосини ташкил этади:

1. Мустақиллик йилларида олиб борилган иқтисодий сиёсат ижтимоий адолатсизликка асосланган;

2. И. Каримов Ўзбекистонни ўртага олиб талаб еган ва еяётган қароқчи (раҳбар)лар тўдасини шакллантирди.

Бундай иқтисодий сиёсатни сиёсий ва инсоний нияти (иродаси) бузуқ, ўзига сўзсиз хизмат қиладиган ижтимоий қатлам (социал база) яратмоқчи бўлган раҳбар ўйлаб топиши, шакллантириши ва амалга ошириши мумкин, холос.

 

Тушкунлик ва чорасизлик

Мен 2004 йилнинг ёзида Арнасой туманидаги 14, 15- ва бошқа бир неча совхозларга сафар қилдим. Совет даврида мен бу совхозларга кўп марта борганман. Бироқ, охирги сафарим давомида кўрганларим мени ҳайратга солди - мен ўша совхозларни таний олмадим! Эгалари кўчиб кетган ҳовли қандай ҳувиллаб қолса, бу ерларда ҳам шу аҳвол, хароба ва тушкунлик ҳамма ёқда ҳукмрон эди. У ер-бу ерда, соя бор жойларда 5-10 одам, юзлари ва хатти-ҳаракатларида тушкунлик яққол кўриниб турган ҳолда гаплашиб ўтирганини кўрасиз, холос. Оммавий ишсизлик ва унинг натижаси ўлароқ тушкунлик!

Юқорида мен совет даври иқтисодини самарасиз (ноэффектив) иқтисод деб атадим. Ҳақиқатан хам СССРдай бой ва ва қудратли давлатнинг қулашида унда олиб борилган самарасиз, яъни репрессив иқтисодий сиёсат асосий омиллардан бири бўлган. Бироқ, “Каримов даври”даги иқтисоднинг натижаларига қараб, “академик” шакллантирган иқтисодга нисбатан совет даври иқтисоди ўн баравар самарали (эффектив)роқ бўлган, деб қўрқмасдан айтиш мумкин.

Ишсизлик, ҳаётий чорасизлик ва иложсизлик оддий оилаларни шу қадар эздики, одамлар Ўзбекистондаги рангли металлни тергилаб, ўғирлаб, кавлаб, қоп ва сумкаларга жойлаб, қўшни Қозоғистонга таший бошлашди. Қозоғистон бизнесменлари бундан ўзлари ва давлатга катта фойда келишини тушундилар ва чегарага яқин жойларда қабул пунктлари ташкил этишди, металл олиб келган ўзбекларга пулни нақд тўлашди. Ўзбекистондаги ҳовлилардан эски алюмин тоғораларгача ўғирланиб, Қозоғистонга сотилди.

Жойларда И. Каримовнинг “доно” иқтисодий сиёсатини юргизаётган маҳаллий ҳокимият вакиллари Ўзбекистондаги рангли металл Қозоғистонга ташиб кетилаётганини билишмасмиди? Сўзсиз, билишар эди! Улар шу қадар паст кетишдики, ҳатто одамлар чорасизликдан қилаётган ана шу “бизнес”дан ҳам ўзлари учун фойда олишга ҳаракат қилишди. Буни яна Жиззах мисолида кўрсатаман.

Жиззах-Тошкент маршрути бўйлаб юрадиган шаҳарлараро поезд (халқ уни “дачний поезд” дейди) Жиззахдан чиқар-чиқмас, бекат мўлжалланмаган бир жойда тўхтар, унга у ерда қопу сумкалари билан тўпланиб турган одамлар апил-тапил чиқишар эди (табиий, чиптасиз). Йўлда, Пахтакор шаҳарчасида вагоннинг икки томонидан унга иккитадан милиция ходими кирар ва қопу сумкаларни “конфискация” қила бошлашар эди. Қий-чув, одамлар ялинган, аёллар оила шароитини айтиб йиғлаган, баъзилар юкини яширишга ҳаракат қилган, тўс-тўполон... Бироқ, оғзига оқ ит кириб, қора ит чиқаётган милиционерлар ўз қарорларида қатъий туришарди. Қозоғистондаги қабул пункти яқинлашган сайин, қий-чув пасайиб, поезд кимсасиз бир жойда яна бир тўхтаганда ҳар бир одам ўз қопу сумкасини олиб тушиб кетар, милиционерлар икки эшик олдида туриб олиб пул йиғишар эди. Бу “операция” ҳар куни, йиллар давомида такрорланар ва уни Жиззах темир йўл вокзали транспорт милицияси ходимлари ўтказишар эди.

И. Каримов ва З. Алматовнинг милиционерлари шу қадар юҳо[4]га айланишдики, улар тирикчилигини зўрға ўтказаётган ва тирикчилик учун кўчада писта (семечка) сотиб ўтирган мункиллаган чолу кампирларни ҳам ўзларига “доля” (улуш) тўлашга мажбурлар эди. “Доля” бера олмаган одамни ҳақоратлаш, таҳқирлаш милиционер учун туфлаш билан баробар эди. Мана бир мисол:

Тошкентнинг “Чилонзор” метроси олдидаги бозорга киравериш жойида писта сотиб ўтирган кекса кампир олдига бир милиция ходими келиб, ўшқира кетди:

- Йиғиштиринг халта-хултангизни! Бу ерда писта сотиш мумкин эмас! Кетмасангиз, ҳозир штраф соламан!

Мен нарироқда туриб воқеани кузата бошладим.

Кампир:

- Болам, тирикчилигим оғир, шунинг учун чиққанман. Ҳали ҳеч нарса сотганим йўқ, бўлмаса ҳаққингни берардим, - дея ялина бошлади.

Милиция ходими яна бир нарсаларни қаттиқ-қаттиқ гапирди.

Кампир жавобан: “Болажоним...”, деб гап бошлаши билан миршаб ерда турган писта солинган халтани тепиб юборди. Одамларнинг кўзи ўнгида писта ҳамма ёққа тирқираб сочилиб кетди. Кампир тилдан ажраб, ўтирган жойида қотиб қолди. “Ғалаба қозонган” милиция ходими ҳеч нарса бўлмагандай нарига кетди.

Бир қарашда менинг ҳикояларим ўқувчига арзимагандай, таажжубли туюлиши мумкин. У ҳаққоний равишда: “Толиб ака нега ўзбекнинг пешона тери билан етиштирилган, унинг болаларининг заиф қўллари билан терилган пахта қаёққа кетаётгани ҳақида ёзмаётибди? Нега Толиб ака буғдой, олтин, уран, газ, нефт ва Ўзбекистоннинг бошқа бойликларидан тушаётган пул кимнинг ҳамёнига тушаётгани ҳақида гапирмаяпти?” - деган саволларни бериши мумкин.

Муҳтарам ўқувчи! Ёзаман, насиб этса албатта ёзажакман. Мен аминман, булар ҳақида ҳали минглаб одамлар инкор этиб бўлмас ҳужжатлар асосида ёзажаклар. Бироқ менинг ҳикояларим асосан И. Каримов сиёсати ўзбек жамиятидаги ижтимоий муносабатларни нақадар бузганлиги, ертубан қилганлигига қаратилган.

 [1] Постсовет раҳбарлари – СССР тарқалгандан сўнг пайдо бўлган давлат раҳбарлари.

[2] Менталитет – дунёқараш, эътиқод, давлатни бошқариш услублари, ўзгача фикрга нисбатан чидамсизлик ёки чидамлилик ва бошқа хислатлар мажмуаси.

[3] Деспотизм – зулм, мустабидлик, бирорта инсоннинг фикри билан ҳисоблашмаслик, яккаҳокимлик ва ҳоказо.

[4] Юҳо – барча жониворларни аралаш еб, ютиб юборадиган афсонавий махлуқ, очкўз, очофат, еб тўймас.

___________  12.03.07

 

Кимлар ўғри ва таъмагир?

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти баҳоли қудрат бир неча вилоятларда И. Каримовнинг жиноятчи ҳамтовоқлари (ҳокимлар, прокурорлар, МХХ ва милиция бошлиқлари, судьялар ва ҳоказо) томонидан талон-тарож қилинган катта-катта объектлар рўйхатини тузишга ва уларнинг исботига рад этиб бўлмас ҳужжатлар топишга муваффақ бўлди. Бу ноёб ҳужжатлар бир неча нусхада кўпайтирилиб, турли ишончли жойларда сақланмоқда. Вақти-соати келиб, И. Каримов ва унинг ҳамтовоқлари “қора курси”га тортилганда - бунинг бўлиши муқаррар - ЎИҲЖ мазкур ҳужжатларни судга топширажак. Шунда, насиб этса, ким таъмагир, порахўр, фирибгар, талон-тарожчи эканлиги ойдинлашади: А. Фармоновми ёки Ш. Мирзиёевми, М. Тожибоевами ёки Р. Қодировми, Я. Турлибековми ёки А. Морозовми, А. Караматовми ёки А. Эргашевми, Н. Исоқовми ёки У. Яманқуловми, Н. Холжигитовми ёки Р. Муҳитдиновми, С. Ирзаевми ёки З. Алматовми, Ҳ. Оқпўлатовми ёки У. Мингбоевми?!

Дарвоқе, Ш. Мирзиёев ва У. Яманқулов ҳақида. Уларни Жиззах музофоти яхши билади. Фақат ҳоким бўлганликлари учун эмас, балки мисли кўрилмаган порахўр, фирибгар, давлат ва халқ мулкини туя қилган раҳбарлар сифатида яхши билишади. Мана бир мисол.

Жиззах вилоятида 2000-2001 йиллар давомида жуда катта миқдорда ғалла припискаси (қўшиб ёзиш) содир этилган. Ҳақиқий ғалла Тожикистонга ўтказилган ва сотилган. Бу ўғирлик, талон-тарожликнинг бошида вилоят ҳокими Ш. Мирзиёев, Пахтакор тумани ҳокими (кейинчалик вилоят ҳокими бўлган) У. Яманқулов ва бошқа туман ҳокимлари турган. Бундай ўғирлик ва талон-тарожликлар қандай бекитилади? Бунинг йўли қийин эмас ва уни ўзбек прокуратураси ва миллий хавфсизлик хизмати усталик билан амалга оширишади. Мазкур органлар бундай ўғирлик ва талон-тарожликлар бўйича жиноий иш қўзғатишади, бироқ жавобгарликка ҳақиқий ўғри ва талон-тарожчиларни эмас, балки шу соҳада ишловчи учинчи, тўртинчи ёки ўнинчи даражали одамларни жалб этишади. Тергов бўлади, том-том жиноий иш материаллари “тўпланади”, суд бўлади ва ҳоказо. Бир пайтлар келиб, бу ўғирлик ва талон-тарожликлар масаласи кўтарилса, прокуратура: “Биз ўз вақтида бу масалани кўрганмиз, жиноятчилар ушланган, судланган ва қамоқ жазосини ўтаган, мол-мулки мусодара қилинган. Жиноий иш материаллари билан биринчи суд инстанциясида марҳамат қилиб танишишингиз мумкин”, – деб тураверади.

Жиззахда ҳам айнан шундай қилинган: жиноий жавобгарликка ҳокимлар эмас, Жиззах шаҳридаги 8-ун комбинатининг жиноятчилар томонидан алданган, қўрқитилган бир гуруҳ омбор мудирлари, лаборатория ходимлари тортилган. Ун комбинатига Пахтакор ва бошқа туманлардан ғалла эмас, балки оддий накладной-ҳужжатлар келган. Нега қўрқитилган ва алданган дейилмоқда? Гап шундаки, ун комбинатига бу накладной-ҳужжатларни ғалла ўрими пайтида асл жиноятчиларнинг масъул вакили олиб келади ва комбинат хизматчиларига: “Мана бу ҳужжатларга имзо чекасизлар. Қўрқманг, йилнинг охирида ёпиб юборишга ёрдам берамиз. Акс ҳолда…” - деган шарт қўяди. Ноилож қолган омбор мудирлари, лабаратория ходимлари ва қоровуллар бошлиғи бу алдовга учишади.

48 томлик мазкур ишда мен комбинатнинг тайёр маҳсулотлар омбори мудирининг ҳимоячиси бўлиб қатнашганман. Ишнинг дастлабки 6 томи тергов материаллари бўлиб, улар билан танишиш давомида 1-томнинг ярмига келганимдаёқ ғалла комбинатга келтирилмаганини тушундим ва унинг исботини топдим. Иш вилоят прокуратураси томонидан 2002 йил апрелида қўзғатилган бўлса-да, терговга тортилган одамлар 2003 йил 18 майгача озодликда бўлишган. Иш шу куни тамоман асоссиз равишда вилоят МХХга оширилган ва шу куни тергов берувчилар қамоққа олинган. Терговни вилоят МХХ тергов бўлимининг бошлиғи Музаффар Сайидқулов давом эттирган.

Мен ҳақиқий аҳволни тушунганимни М. Сайидқулов англаб қолди. Вазият жиддийлашди. Вилоят прокурори Равшан Муҳиддинов бир ҳафта вилоят ҳокими Убайдулла Яманқуловнинг кабинетидан чиқмади. Мен судда инкор этиб бўлмас ҳужжатлар билан ғалла припискасини исботлашим мумкинлигини сезишгач, прокуратура ва МХХ раҳбарлари ягона, бироқ тамоман қонунларга зид бўлган қарор қабул қилишган: 2003 йил 16 август куни М. Сайидқулов менинг қўлимдаги ҳужжатларни тортиб олиб, ўз қарори билан мени ҳимоячиликдан четлаштирди.

Мен вилоятда бўлган ғалла припискасини қандай бўлмасин давлат раҳбарларига етказишга қарор қилдим. 19 август куни мен МХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошлиғи Ғайрат Авлиёқуловнинг қабулига кирдим ва унга воқеа тафсилотларини батафсил гапириб бердим ҳамда мазкур информацияни давлат бошлиқларига етказишни илтимос қилдим. Икки кундан кейин мен Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов қабулига кирдим ва унга ҳам айни маълумотни бердим.

Натижа ғалати бўлди: комбинат ходимлари қамалди, Р. Муҳиддинов президент аппаратига ишга кўтарилди, Ш. Мирзиёев эса бош вазир лавозимини эгаллади. Мен мазкур воқеа тафсилотларини бир неча мақолаларимда акс эттириб, уларни интернет сайтларида чоп этдим, хат орқали давлатнинг энг нуфузли ташкилотларига юбордим. Натижа олдингидан ҳам ғалати бўлди: шу пайтгача бирор давлат органи (прокуратура, МХХ, ҳокимият, вазирлар маҳкамаси, президент аппарати) бирор марта: “Нега сен туҳмат қилаяпсан, қандай асосинг бор?” - дея сўрамади ва мени жавобгарликка тортмади.

Буни тушуниш қийин эмас: мазкур ишдаги асосий ўғри ва талон-тарожчилар “академик” И. Каримовнинг яқин атрофи, уни қўллаб-қувватловчи ижтимоий қатлам (социал база)га кирувчи одамлар эди.

Ўзбекистонда конституция ва қонунларнинг бажарилиши, ҳурмат қилиниши учун мардонавор курашаётган инсонлар, улар орасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар кўп эмас. Мен юқорида бир неча шундай инсонлар фамилиялари қаршисига мамлакатимиздаги юқорида айтилган ижтимоий қатламнинг биттадан вакили фамилиясини тиркадим. Бироқ аслида А. Фармонов, М. Тожибоева, Я. Турлибеков, А. Караматов, Н. Исоқов, Н. Холжигитов, С. Ирзаев, Ҳ. Оқпўлатов, С. Зайнобитдинов, Д. Муҳиддинов ва бошқаларнинг ҳар бирининг рўпарасига И. Каримовнинг минглаб ҳамтовоқларининг фамилиясини қўйиш мумкин.

“Академик” И. Каримов бу беҳисоб давлат қароқчиларининг таъмагирлиги, порахўрлиги, фирибгарлиги ва талон-тарожчилигини оддий халқ билмаса керак, деб ўйлайди, шекилли. Адашади! Буни ўзи ҳам, халқ ҳам яхши билади. Ўзбекистонда турли одамлар ҳар онда минглаб суҳбатлар қурадилар. Бу суҳбатларга қулоқ тутсангиз, одамлар давлат қароқчиларининг таъмагирлиги, порахўрлиги, фирибгарлиги ва талон-тарожчилиги ҳақида гапирадилар ва бу гаплардан уларнинг нафрати яққол сезилиб туради. Нафрат баъзан шу қадарки, суҳбатдошлар давлат раҳбарини сўкиб (очиқдан-очиқ) гапирадилар, муҳокама қиладилар.

И. Каримовнинг 1991 йил 29 декабрида бўлиб ўтган биринчи умумхалқ президент сайлови арафасидаги халқ орасидаги обрў-эътибори (рейтинги, имиджи) билан унинг ҳозирги обрў-эътибори орасида ер билан осмонча фарқ пайдо бўлгани одамлар унинг катта ёлғонининг моҳиятига тушуниб етганларининг натижасидир. Адашмасам, АҚШ президентларидан бирининг: “Кичик ёлғонга халқни узоқ ишонтириб юриш мумкин, катта ёлғонга халқни қисқа муддатга ишонтириш мумкин, аммо катта ёлғонга одамларни узоқ ишонтириб юриш мумкин эмас”, - деган ҳикмати ҳаётий эканини Ўзбекистонни И. Каримов бошқарган даврда кўриш мумкин.

 

Эркин матбуот демократиянинг занжирдаги итидир

И. Каримов 17,5 йил давлат бошлиғи бўлиб ишлаб келган даврда унинг ҳақида мамлакатнинг расмий матбуотида бирорта ҳам танқидий мақола чиқмади. Турган гап, бу - И. Каримовнинг бенуқсон инсон ва сиёсатчи эканлигидан эмас - у, масалан, ички ва ташқи сиёсатда беҳисоб мағлубиятларга учради - балки демократик жамиятни шакллантиришда асосий омил ва восита ҳисобланган эркин оммавий ахборот воситаларини совет давридагидек оғзини ёпиқ ҳолда ушлаб туришга қаратилган сиёсатининг натижасидир. Халқпарвар, пок, виждонли, етим-есирнинг ҳақини ейишдан ҳазар қилган инсон, табиий, танқиддан қўрқмайди ва танқидни ўз камчиликларини тузатиш учун қабул қилади. Ўғри, қароқчи, муттаҳам, ўз манфаатидан бошқа манфааатни қабул қилмайдиган ва ниҳоят, Худони Худойбердича кўрмайдиган одам, табиий, танқид қилувчиларни ўзининг биринчи душмани деб билади.

Эркин матбуотга берилган таърифлар ичида энг соддаси, аниғи, ҳажмли ва вазнлиси деб: “Эркин матбуот демократиянинг занжирдаги итидир”, – деган ибора тан олинган. Эркин матбуот “қопмай”, “ҳуриб” тургандагина, унинг “ҳуриши”ни халқ эшитгандагина ўғри, қароқчи, муттаҳам, ўз манфаатидан бошқа манфаатни қабул қилмайдиган ва ниҳоят, Худони Худойбердича билмайдиган одам халқ олдида шарманда бўлишдан қўрқиши мумкин.

Матбуот эркин бўлгандагина, унинг “итлари” ўғри, қароқчи, муттаҳам раҳбарларнинг изидан қувиб, уларнинг қинғир ишларининг “ҳиди”ни олиб халққа етказгандагина, И. Каримов ва унинг ҳамтовоқлари халқ ва давлат маблағларини бамайлихотир ўзлаштира олмас эдилар. Масалан:

1995 (ёки 1996) йил январининг охирида Ливерпуль (Буюк Британия) шаҳридаги жаҳон пахта биржасида Ўзбекистон ҳукумати ярим миллион тонна пахта толаси сотди ва бундан 972 миллион доллар даромад қилди. Ўзбек халқининг пешона тери билан етиштирилган бу бойлик Буюк Британия банкларининг бирида И. Каримов номида сақланмоқда. Турган гап, ўзбек халқи бу қаллобликдан хабар топган эмас.

Бошқа мисол. Ҳаққоний маълумотга эга бўлган мутахассисларнинг айтишича, Ўзбекистон олтинлари уч мамлакат - Швейцария, Франция ва Буюк Британия банкларида ўз халқига “буюк келажак” яратаётган И. Каримов номида тинч осойишта умр кечирмоқда экан. Бу қаллоблик ҳам халқимиз учун сирлигича қолди.

Бундай қаллобликлар матбуотдан сир тутилиши мумкин: ўғрилар ўз жиноятидан омманинг хабар топишини хоҳлашмайди. Бироқ Ўзбекистонда халқ мулкини сурбетларча талон-тарож қилаётган давлат вакиллари ҳақида ҳам мамлакат ОАВ ҳеч нарса ёзмайди.

Мана мисол, 1996 йил Ш. Мирзиёев Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигидан Жиззах вилоят ҳокими этиб тайинлангач, кўп ўтмай иккита авантюрага қўл урди: Жиззах шаҳри ёнидан ўтувчи, халқ орасида “бетонка” деб аталадиган шоссе билан шаҳар марказини бирлаштирувчи, узунлиги тахминан 23 километр бўлган йўлнинг икки чеккасига декоратив деворча (баландлиги 1,2 метр) ҳамда шу шоссе билан Жиззах-Қўқон трассаси кесишган жойда “Осиё бозори” қурдира бошлади. Жиззах халқи бу авантюраларнинг моҳиятини дарров тушунди ва уларни қоралади. Биринчи объект ҳақида одамларнинг гапини умумий махражга келтирилса, қуйидаги фикр юзага келади: “Бетонка” билан вилоят ҳокимиятини бирлаштирувчи йўлнинг икки чеккасига деворча қилинмаса кунимиз ўтмай қолди, деб биз бирорта жиззахликнинг оғзидан эшитмадик. Давлатинг бой-бадавлат, қудратли бўлса, ҳар қандай орзу-ҳавасни қилсанг хам арзийди, истасанг, йўлни тиллодан қил. Давлатингнинг кетидан ширтмоғи оқиб ётган вақтда бу “Хитой деворчангга” бало борми?” Баъзи жиззахликлар: “Мирзиёев ўта лаганбардор - подхалим, дейишади. Бу деворчани Каримовга яхши кўриниш учун қурдираяпти”, – деб бу авантюрага объектив баҳо беришди. Мирзиёев умумий узунлиги тахминан 46 километр бўлган, халқ таъбири билан айтганда “Хитой девори”нинг қурилишини вилоятдаги катта-кичик корхоналарга (кимга 50 метр, кимга 200 метр) бўлиб берди. Корхоналар умуртқаси узилса ҳам тоғу тошдан палахса тош, шағал, Самарқанддан сифатли пишган ғишт таший бошладилар, моҳир усталарни ёллаб деворча барпо этишга киришдилар. Бу авантюра натижасида вилоятдаги аксарият корхоналар хонавайрон бўлди ёки синиш арафасига келиб қолди. Қурилиш давомида давлатнинг (халқнинг, деб ўқиш лозим) қанчадан-қанча пули муттаҳам, ўғри давлат мулозимларининг чўнтагидан жой олди.

Қани ўша 46 километрлик девор? Борми у? Йўқ!! Унинг охирги ғишти ва охирги ҳовуч шағалигача ўша ўғрилар уй-уйига ташиб кетишди. Бу авантюра минглаб одамларнинг, хусусан маҳаллий ва республика ОАВ вакилларининг кўзи ўнгида содир бўлди: деворча қурилишини ҳам, унинг йўқ бўлиб кетишини ҳам ҳеч ким сир тутгани йўқ, бироқ матбуотда Мирзиёев авантюраси танқид этилган бирорта мақола чиқмади.

Оддийгина ҳисоб-китоб ўтказайлик. Фараз қилайлик, “Жиззах девори”нинг ҳар бир метрига 1000 (минг) сўм харажат қилинган бўлса, у ҳолда 46 километрлик деворга 46 миллион сўм харажат қилинган бўлади. Бу – энг камтар ҳисоб-китоб.

“Осиё бозори”ни олайлик. Мутахассисларнинг камтарона ҳисоб-китобига қараганда, унинг қурилишига камида 280 миллион сўм пул сарфланган. 1997 йилда ўзбек сўмининг салмоғи анчагина дадил эканини эътиборга олинса, бу бозор халққа ва давлатга қанча фойда келтирди деб ўйлайсиз? Жавобингиз тўғри: бир сўм ҳам фойда келтирган эмас! Шундай қилиб, Мирзиёевнинг икки авантюраси давлатга (халққа) камида 326 миллион сўм зарар етказди. Хўш, фойда келтирмаган бўлса-да, ўша бозорнинг ўзи борми? Бор, бироқ унинг харобалари қушлар бозорига айланган: у ерда юзлаб қушлар ин солиб, бола очмоқда. Бозор харобалари олдидан ҳар куни минглаб машиналар у ёққа, минглаб машиналар бу ёққа ўтади, бироқ унга ўзбек матбуотининг кўзи тушмайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Сирдарё вилоят бўлимининг раиси Аъзамжон Фармонов 2006 йил 29 апрелда ҳибсга олиниб, Янгиер шаҳар суди томонидан 9 йил қамоқ жазосига ҳукм этилди. Мен унинг ҳимоячиси сифатида жиноий иш материаллари билан танишиб, у юз фоиз сохта эканлигини ҳужжатлар билан исботладим. Аъзамжонга ҳуқуқ-тартибот органлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165 (таъмагирлик) - моддаси бўйича айб қўйишган. Аъзамжоннинг “айби” шуки, у Жиззах вилоят нефт базаси ходимлари томонидан фермерларга бериладиган солярка (дизель ёқилғиси)нинг ғайриқонуний равишда Тожикистонга сотилаётгани фактини ошкор қилган. Айбномада гўё Аъзамжон нефт базаси ходимидан 600 000 сўм пул талаб қилган, деб уқтирилади. Яна такрорлайман, прокуратура ва милиция органлари нефт базасидаги ҳақиқий жиноятчиларни сув юзига чиқармаслик учун ҳақиқат талаб этган инсоннинг устидан жиноий иш қўзғашган. Ҳозирги пайтда Аъзамжон Фармонов Жаслиқдаги УЯ 64/71 концлагерида сақланмоқда.

Мен юқорида Ш. Мирзиёевнинг жинояткорона ташаббуси билан давлатга камида 326 миллион сўм моддий ва ҳисобсиз маънавий зарар етказилгани ҳақида ёздим. И. Каримов яратган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ва суд системаси одил бўлганда эди, Ш. Мирзиёев ошкора содир этган жинояти учун (фақат Жиззах вилоятида иккита авантюраси натижасида давлатга етказган юзлаб миллион сўм зарари учун) Жаслиқ зонасида сақланиши лозим эди.

Ўзбекистон - ўта ғалати мамлакат. Жиноят содир этмаган, бироқ ўғрини ўз номи билан атаб, уни жазолашни талаб этган Аъзам Фармонов 9 йилга озодликдан маҳрум этилиб, Жаслиқ концлагерига жўнатилган бир пайтда, бу жиноятни юзлаб ташкилотлар ва минглаб одамлар кўрган ва кўраётган бўлишига қарамасдан, жиноятни ошкора содир этган, давлатнинг юз миллионлаб пулини ҳавога совурган Ш. Мирзиёев дастлаб Самарқанд вилоятига ҳоким, сўнгра эса бош вазир этиб тайинланди.

Бундан қатъий бир хулосага келиш мумкин: И. Каримов “буюк келажакни” Аъзам Фармонов каби инсон ҳуқуқлари учун курашаётган ва азоб чекаётган ватанпарварлар билан эмас, балки Шавкат Мирзиёев каби ўғри, талон-тарожчи ва инсон ҳуқуқлари ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган жиноятчилар билан ташкил этмоқчи. Агар И. Каримов давлат вакиллари томонидан содир этилаётган жиноятлар кўламидан хабарсиз бўлса эди, унинг юқорида айтилган режасини хомхаёл дейиш мумкин бўларди. Бироқ, мавжуд сиёсий тузумни ўзи шакллантирган ва Ш. Мирзиёев каби жиноятчиларга кетаётган йўлини ўзи чизиб бергани сабабли “Ўзбекистон - келажаги буюк давлат” шиорини атайлаб халқни лақиллатиш учун ўртага ташлагани маълум бўлади.

Давлат қайси томонга кетаётгани - буюк келажакками ёки унга тескари бўлган буюк тушкунликками - ҳақида эркин матбуот фикр юритиши, бу ҳақда одамларнинг фикрини ўрганиши ва давлат раҳбарлари учун экспертларнинг хулоса ва тавсияларини етказиши лозим. Ўзбекистон матбуотида бу кўринмас экан, нима сабабдан И. Каримов давлат тепасига келганданоқ матбуотнинг оғзини скотчлаб ташлаганини тушуниш қийин эмас.

__________

Шундай қилиб, “буюк келажак” қачон бўлади?

Давлатни И. Каримов бошқариб турса, “буюк келажак” ҳеч қачон бўлмаслигини унинг ўзи ҳам, Эргашвой каби энг содда ўзбек ҳам билади. И. Каримов сиёсий саҳнадан кетгач, давлат тепасига унинг ҳамтовоқлари (Р. Иноятов, Ш. Мирзиёев, Р. Қодиров, Б. Матлубов, М. Усмонов, А. Азизхўжаев ва ҳоказолар) келса, Ўзбекистонга “буюк келажак” насиб этмайди, чунки уларнинг ҳар бири у билан тенгшерик жиноятлар содир этишган ва демак, уларда асосий жиноятчининг “ишини” давом эттиришдан бошқа йўл йўқ.

Шуни ҳам айтиш лозимки, И. Каримов Ўзбекистоннинг буюк келажаги ҳақида бекорга гапирган ва “Ўзбекистон - келажаги буюк давлат” шиорини бекорга илгари сурган эмас. Гап шундаки, у ҳокимятни эгаллагач, одатда кичик давлатларга хос бўлган “буюклик”ка интилишни ўзининг асосий режаларидан бири сифатида ишлаб чиқди. Тарихда бундай мисоллар оз эмас (масалан, “Буюк Албания”, “Буюк Арманистон”, “Буюк Британия” ва ҳоказо). Буюкликни орзу қилган давлатлар ўз буюклигини бошқа давлатлар ҳудудини босиб олиш (ёки қўшиб олиш) йўли билан амалга оширган (ёки оширмоқчи бўлган). Британия оролининг кичик бир қисмини эгаллаган Англия қироллари бу ишни уддалашган. Буюк Британияни нафақат Британия оролида жойлашган Шотландия, Уэльс каби босиб олинган ҳудудлар, балки қўшни Шимолий Ирландия, Канада, Янги Зеландия, Австралия, Ҳиндистон, Африка қитъасидаги қатор давлатлар (ва бошқалар) ташкил этган.

И. Каримовнинг режаси бўйича “Буюк Ўзбекистон”ни мамлакатимизга турли йўллар билан қўшиб олинган Чимкент вилояти (Қозоғистон), Ўш вилояти (Қирғизистон), Ленинобод вилояти (Тожикистон), Тошовуз вилояти (Туркманистон) ва Афғонистоннинг етти шимолий провинцияси ташкил этиши мўлжалланган. Ўзининг бу авантюристик режасини И. Каримов амалга ошира олмади ва бу йўналишда катта мағлубиятга учради.

И. Каримовнинг “Буюк Ўзбекистон” деб аталувчи авантюрасидан, айниқса Тожикистон кўп азият чекди. Тожикистонда фуқаровий уруш аланга олганлигида Ўзбекистон расмий доиралари Ислом дини намояндаларини айблашади. Бироқ бу урушнинг келиб чиқиши ва ташкил этилиши устида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) турганини жамоатчиликдан беркитишади.

90-йилларнинг бошида “Ислом экстремизми”, “Ислом терроризми” деган бебурд афсоналарни ўйлаб топган ва Ислом ҳамда демократияга қарши курашни ўзига байроқ қилиб олган И. Каримовга Тожикистонда уруш бўлиши фойдали эди, у “асосли” равишда: “Мана кўрдиларингми, исломчилар ва демократлар Тожикистонда нима қилмоқдалар? Биз бунга йўл қўймаганимиз учун ҳам Ўзбекистонда барқарорлик ўрнатилган”, - деб айтиши учун Тожикистонда уруш олови ёқилган эди.

Шу сабабли ўзбек МХХнинг беҳисоб вакиллари Тожикистонга жўнатилди ва улар Маҳмуд Худойбердиев армиясини ташкил этишди. Бу армия дастлаб ҳукумат томонда туриб Ислом ва демократик мухолифат қуролли кучларига қарши кураш олиб борди. Мухолифат ва ҳукумат ўзаро сулҳ тузишгач эса, М. Худойбердиев армияси уларнинг бирлашган кучларига қарши урушди. Унинг армияси 1998 йили Ўзбекистонга ўтказилди ва Жиззах-Фориш йўлидаги Киров номли совхоз маккажўхоризорларига жойлаштирилди. Камуфляж форма кийган, соқолли, автоматик қуроллар билан қуролланган юзлаб “худойбердиевчилар”ни минглаб одамлар кўрди.

М. Худойбердиевнинг армияси 1998 йилнинг ноябрида Жиззахдан Зомин довони орқали Ленинобод вилоятига махсус вазифа билан жўнатилди. “Худойбердиевчилар” олдига аҳолиси асосан ўзбеклардан иборат Ленинобод вилоятида Тожикистон ҳукуматига қарши норозилик намойишлари ва ҳаракатларини ташкил этиш вазифаси қўйилган бўлиб, вилоят аҳолиси гўё: “Биз Тожикистон таркибида бўлишни истамаймиз, бу ерда уруш кетаяпти, биз Ўзбекистонга қўшиламиз”, - деган талаблар билан чиқиши лозим эди.

М. Худойбердиев бу вазифани уддалай олмади. Ҳукумат армиясидан қақшатқич зарбага учраган унинг армияси кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлди. Тахминан 5000 одамдан иборат бу армия ишсиз қолмади. “Худойбердиевчилар” Ўзбекистоннинг барча жойларида МХХ структураларида ишламоқдалар. Улар Тожикистондаги урушда қатнашиб катта тажриба орттиргани, одам ўлдириш уларга бир оддий машққа айлангани учун “худойбердиевчилар” МХХнинг ҳарбий қисмларининг командирлари, ҳарбий контрразведка ва разведканинг асоси сифатида И. Каримовга содиқлик билан хизмат қилмоқдалар.

“Худойбердиевчилар” Ўзбекистондан бошқа мамлакатда яшай олмайдилар. Улар Тожикистонда урушда қатнашиб, ҳарбий жиноятчиларга айланган. Бу ҳолат уларни И. Каримовга содиқлик билан хизмат қилишга мажбур этади. Бизга келган маълумот бўйича М. Худойбердиевнинг армияси 2005 йилнинг феврал ойида: “Ўзбекистоннинг қайси жойида халқ ғалаёни бўлса, биз уни шафқатсизлик билан бостирамиз”, – дея қасамёд қилишган. Шу сабабли Андижон аҳолисини отиш учун И. Каримов ҳеч иккиланмай у ерга М. Худойбердиевнинг одамларини жўнатган.

Шимолий Афғонистонни “Буюк Ўзбекистон”нинг таркибий бўлаги сифатида кўрган И. Каримов ўзининг асосий мағлубиятларидан бирига дуч келди. Ўзбекистон МХХ томонидан “сотиб олинган”, Афғонистон армиясининг бош қўмондони бўлган ўзбек генерали Абдурашид Дўстум ўз ҳукуматига сотқинлик килди ва қуролни нафақат афғон мужоҳидлари кучларига, балки ҳукумат кучларига ҳам қаратди. У Афғонистоннинг етти шимолий провинциясини эгаллади ва И. Каримовнинг авантюристик ғоясини ўз юртида амалга ошира бошлади.

90-йилларнинг ўрталарида Москвада бўлиб ўтган бир матбуот конференциясида Афғонистон президенти Раббонийнинг вакили генерал Абдураҳмон журналистларга: “Ўзбекистондан Ҳайратон кўприги орқали Шимолий Афғонистонга ҳар куни 40 вагон юк - озиқ-овқат, ёқилғи, қурол-аслаҳа ва бошқа юклар - ўтади; бу юк Ўзбекистон ҳукумати томонидан генерал А. Дўстум ихтиёрига етказиб берилади”, - деган маълумотни айтади. Журналистлар, табиий, матбуот конференциясида қатнашаётган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Саидқосимовдан бу информацияни тасдиқлаш ёки инкор этишни сўрашади. Саросимага тушиб қолган вазир: “Бу савол бўйича мен ҳукумат билан консультациялашишим керак”, - деб залдан чиқиб кетади ва қайтиб келмайди.

И. Каримовнинг авантюраси ўзбек халқининг гарданига оғир юк бўлиб тушди - йиллар давомида ҳар куни Шимолий Афғонистонга эшелон-эшелон юк жўнатилиб турган. Генерал А. Дўстум ҳам М. Худойбердиев каби И. Каримовнинг ишончини оқламади. Ҳозирги пайтда Тошкентда яшаётган бу генерал тожикистонлик полковникка ўхшаш Ўзбекистонда содир бўлиши мумкин бўлган халқ ғалаёнларини шафқатсизлик билан бостиришни ваъда қилиб, И. Каримовга қасамёд қилгандир? Буни инкор этиб бўлмайди, чунки И. Каримов ҳеч нарсани кечирмайди ва ўз мақсадида ҳатто Иблисни ҳам ишга солади.

Шундай қилиб, И. Каримовнинг “Ўзбекистон - келажаги буюк давлат” шиори унинг “Буюк Ўзбекистон” деган авантюристик ғояси билан уйғун бўлса, бу шиор ҳеч қачон амалга ошмайди, чунки у “Буюк Ўзбекистонни” бошқа мамлакатлар ва халқлар ҳудудларини сурбетларча, зўравонлик ва ёлғон йўлларни қўллаб шакллантирмоқчи эди. Сиёсий ва инсоний нияти (иродаси) бузуқ одам мамлакатни, халқни бахтиёр қила олмайди - бу ҳаётий аксиомадир.

 

Бироқ...

Бироқ, И. Каримовсиз халқимиз ўз келажагини яхшилаши, ўз меҳнатининг натижаларини амалда кўриши, қатор халқлар каби қўрқувсиз, эркин, ва тўқ яшашини ўз кучи ва иродаси билан таъминлашига мен ишонаман. Бунга ишониш мумкин, чунки ҳали:

- И. Каримов ва унинг ҳамтовоқлари Ўзбекистонни еб тугатганларича йўқ, ўзбек далалаларида пахта, буғдой, мевали дарахтлар ва бошқа қишлоқ ҳўжалик экинлари ўсиб турибди, ўзбек конларидан олтин, уран ва бошқа ноёб элементлар, нефт ва газ чиқиб турибди, баъзи завод, фабрика ва корхоналар ишлаб турибди;

- И. Каримов барча мусулмон йигитларни қамаб, йўқ қила олгани йўқ;

- И. Каримов 20-аср охири ва 21-аср бошида Ўзбекистонда энг жирканч сиёсий тузум ташкил этишга муваффақ бўлган бўлса-да, у мамлакатимизни Марказий Африка Республикасидагидек каннибализм (одамхўрлик) даражасигача олиб туша олгани йўқ;

- Унинг асосий ҳамтовоқлари Р. Иноятов, З. Алматов, У. Мингбоев, Рашид ва Ражаб Қодировлар, А. Шодиев, Ш. Мирзиёев, Э. Халилов ва бошқалар ўзбек халқининг қотилини қўллаб-қувватлаш халқ, тарих ва энг асосийси, Парвардигор олдида кечирилмайдиган жиноят эканини тушуниб етмаган бўлсалар-да, ҳукумат доираларидаги хизматчиларнинг барчаси аблаҳга айланган эмас;

- И. Каримов шакллантирган сиёсий тузум дунёдаги энг худосиз ва динсиз тузумлардан бири бўлса-да, жамиятимиздан Исломни тамоман йўқ қила олгани йўқ;

- И. Каримов охирги 17 йил ичида ўзбек халқини етти марта оттирган бўлса-да, 25 миллионлик ўзбек аҳолисини 5 миллионга тушира олгани йўқ;

- Ва ниҳоят, халққа зиё етказувчи ўзбек интеллигенцияси, Парвардигорнинг ҳақиқатини етказувчи дин уламо ва фузалолари ўзларининг асосий вазифаси - ҳамжиҳатлик билан халққа етакчилик қилишлари лозимлигини тушуниб етмаган бўлсалар-да, олимлар ва диндорлар орасида И. Каримов зуғумидан чўчимай, халқ олдидаги ўз бурчини сидқидилдан бажараётган инсонлар оз эмас.

Донолар гапи: “Дунёда яхши одамлар кам деб ўкинишмас, уларнинг борлигига Аллоҳга шукрона айтиш лозим”.

 

И. Каримовнинг нияти қандай бўлган ва у амалга ошадими?

Аксарият одамларнинг номи тарихда қолмайди. Тарихда номи қоладиган одамларни шартли икки гуруҳга ажратиш мумкин. Ўзининг ақли-заковати, билими, мардонавор шижоати, пок ният ва иродаси ҳамда бошқа ижобий ҳислатлари билан инсоният (ёки ўзининг халқи)га хизмат қилиб дунёдан ўтган инсонлар биринчи гуруҳга кирса, иккинчи гуруҳни эса ўз номини тарихда қолдириш учун ҳар қандай жиноятдан тап тортмай ҳаракат қилган одамлар ташкил этишади.

Ҳазрати Навоийнинг ҳар бир сатри инсонларни яхшиликка чорлайди, А. Гитлер ва И. Сталин миллионлаб одамларни қурбон қилдилар. Ҳазрати Навоийнинг даҳоси яхшилик томон йўналган бўлса, охирги икки шахснинг даҳоси шубҳасиз ёмонлик йўналишидадир.

И. Каримов Ўзбекистоннинг биринчи президенти сифатида тарихий шахсга айланган, бироқ унинг даҳоси ёмонликка қаратилгандир. У ўзини тарихда қолдирморқчи бўлди, ўзининг золимлигини оқлаш мақсадида Амир Темурни ўзига рамз қилиб олди. Миллионлаб инсонларни қиличдан ўтказиб, дунёнинг ярмини ишғол қилган Амир Темур ўзига тарихий ном орттирган бўлса, И. Каримов ўз халқи боши узра қилич ўйнатди, ўн минглаб ёш йигитларни қамоқхоналарга тиқди, юз минглаб болалар туғилмади, туғилганлари эса ярим етим ёки етим қолди, ўн минглаб оилалар бузилиб кетди, минглаб инсонлар ноҳақ ўлдирилди, миллионлаб фуқаролар ватанни тарк этишга мажбур қилинди. Бироқ у ўйлаган “Буюк Ўзбекистон”ни ярата олмади, унинг ниятлари амалга ошмади, яъни у ўзининг сиёсий мақсадларига эриша олмади.

Балки И. Каримов тўплаган беҳисоб бойликлари ҳисобига ўзининг иқтисодий мақсадларига эришгандир? Бу савол устида мулоҳаза қилиш учун уни Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовга нисбатан ҳам қараб кўриш керак. Туркманбоши ўзининг иқтисодий мақсадларига эриша олдими? Унинг беҳисоб бойликлари кимга қолди? Кимга қолганини ҳозир айтиш қийин, бироқ бир нарсани аниқ айтиш мумкин: унинг бойликлари Москвада яшовчи хотинига ҳам, Брюсселда яшовчи ўғлига ҳам насиб этмади.

Айтишларича, И. Каримов биринчи, соф ўрис хотинидан кўрган Пётр исмли ўғли билан юзкўрмас экан. Боз устига, иккинчи хотинидан у ворис ўғил кўрмади. Ва ниҳоят, И. Каримов куёвларга ҳам ёлчимади (балки куёвлари қайнотага ёлчимаган бўлиши ҳам мумкин).

И. Каримов 2007 йил 30 январда ўзининг етмишинчи ёшига ўтади. Шу йилнинг декабрида Ўзбекистон конституциясини оёқ ости қилиб яна президентликка сайланса, у бир ойи кам 71 ёшда бўлади. Чет элдаги йирик страхование (суғурта) компанияларидан бирининг экспертининг[1] айтишича, И. Каримов 2007 йил сайловидан кейинги муддатни тугата олмайди. Агар эксперт адашаётган бўлмаса, унинг 18-24 йилда йиққан бойликлари кимга қолади?

Чамаси, И. Каримов Филиппин давлатининг собиқ президенти Фердинанд Маркоснинг тақдирини мўлжаллаётган бўлса керак. Эслатаман, Ф. Маркос Филиппин халқи томонидан ҳайдалгач, АҚШнинг энг гўзал курорт ороли Гавайида ҳашаматли бино ва ерларни сотиб олиб, оиласи билан у ерга қочиб кетди. Филиппиннинг янги президенти Корасон Акино дунё банкларига мурожаат қилиб, Ф. Маркос ўғирлаган бир неча миллиард доллар пулни мамлакатга қайтаришни сўраган, бироқ банклар бу маблағни Филиппинга қайтаришмаган. Филиппин халқининг ўғирланган маблағларига диктатор-президентнинг хотини, Катта Жакартанинг мэри Имельда Маркос, эри ўлгач эгалик қилган.

Агар И. Каримов шу йўлни мўлжаллаётган бўлса, у ўз-ўзини алдаётир: биринчидан, ҳозир замоннинг руҳи бошқа, иккинчидан, бу ишни Татьяна Акбаровна ҳам, Гулнора ва Лолахонлар ҳам уддалай олишмайди. И. Каримов оиласининг ўғирлаган миллиардлари ўзбек халқига насиб этиши эҳтимолдан узоқ эмас.

 

И. Каримов тавба қиладими?

Ислом тарихида сезиларли из қолдирган Марказий Осиёлик Сўфи Оллоёр ҳақида раҳматли отам мулла Ёқубдан кўп эшитганман. Болалик кезларимда, жинчироқ ёки кичик даврачироқ ёруғида, узоқ қиш тунларида оиламиз сандал (танча) атрофида тўпланиб китобхонлик қилар эди. Кўпинча отамиз Сўфи Оллоёрнинг асарларини моҳирона ўқиб берар эдилар. Эсимдан чиқмаган бўлса, Сўфи Оллоёр аслида золим бир ҳукмдор бўлган. Лекин содир бўлган бир воқеа бу одамни Аллоҳ олдида тавба этишга йўллаган. Золим ҳукмдор ҳамма мансаб ва бойликларини тарк этиб, ўзини Ислом йўлига бағишлаган.

И. Каримов тавба қилармикин? Буни Яратгандан бошқа бирор зот билмайди. Бу золим ҳукмдор ҳам Аллоҳнинг синови остидадир, Унинг синовидан ўтиш эса ўта машаққатли ишдир. Фиръавн тавба қилмади ва Аллоҳнинг қаҳрига учради. Унинг давлати ва қудрати олдида И. Каримовнинг давлати ва қудрати сариқ чақадек ҳам эмас.

Агар И. Каримов ақлан соғлом одам бўлса, у халқ, тарих, асосан эса, Аллоҳ олдидаги перспективаси (тақдири) ҳақида жиддий ўйлаб кўриши учун вақт етди. Бу гапларни И. Каримов қандай тушунса - шундай тушунсин. Мен унга ҳеч ким айтмаган ва айта олмаган гапларни айтмоқдаман. Бу билан мен ўзимнинг гражданлик ва инсоний бурчимни бажардим, деб ҳисоблайман.

Мен Францияда яшаяпман, болаларим, яқинларим ва қариндош-уруғларим эса бу золим одам бошқараётган мамлакатда қолишган. Куёвим Аъзамжон Фармонов гитлерчилар яратган концлагер типида қурилган УЯ 64/71 (Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманидаги Жаслиқ посёлкасида жойлашган) қамоқхонасида сақланмоқда. Мен И. Каримовнинг табиатини яхши ўрганганман ва у ушбу ҳамда “Ўзбекистон даллоллари “ишга” тушишибди” номли мақолаларим учун мендан қасд олишга киришади, деб ўйлайман. Менинг болаларим, яқинларим, қариндош-уруғларим унинг қўлида эканлигини ҳамда мазкур мақолалар интернет сайтларида чоп этилгач, уларнинг ҳаёти беҳад хавф остида қолишини яхши тушунсам-да, мен бу мақолаларни ёзиш ва чоп этишга қарор қилдим.

 

Эргашвой ҳақида охирги сўз...

Эргашвой тоғ сўқмоқлари бўйлаб юрганда, одамларнинг айтишича, қандайдир бир ашулани ҳиргойи қилиб юрармиш. Ўша ёқли бир танишим унинг ашуласидан икки қаторини менга айтиб берган эди:

Иккиовора бир иштон,
Қандай чиқамиз қишдан.

Бечора камбағал иним Эргашвой! У майда-чуйда болалари ва тирикчилик кўйида юриб, буюк келажак ҳақида ўйлаётгани ҳам йўқ.

 

Ислом Каримовнинг “Буюк келажагига”  бошида ҳам, ҳозирда ҳам ишонмаган

Толиб Ёқубов

Франция 

Гостевая книга Форум Чат Сообщество правозащитников Почта Опросы общественного мнения  Узбекчa  Русский English France

  Рейтинг@Mail.ru



Hosted by uCoz